Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг ёпиқ тарзда ўтказилган йиғилишда тизимни ислоҳ қилиш борасида билдирган фикрлари акс этган аудио ёзув Youtube тармоғига жойланди.

Унинг айтишича, тизимни ислоҳ қилиш учун уч ой муддат кифоя қилади.

«Биринчи йиғилишда мен қоғозни камайтиришни айтдим. Ҳали эришганимиз йўқ бунга, энди эришамиз. 3 ойдан кейин ректор иложи борича қўлига қоғоз ушламайди, электрон бўлади. Электрон имзо билан кетади. Умуман олий таълим муассасасида нима ёқмаган бўлса, нимадан қийналган ва нима эриш туюлган бўлса ҳаммаси ислоҳ бўлади. Бизга атиги уч ой керак бўлади», — дея таъкидлаган Тошқулов.

«Вазирлик билан интеграция жуда паст ва суст. ОТМ ректори ёрдамчиси вазир ёрдамчиси билан қарийб гаплашмайди. Бугун мен вазирликда хоналарни айландим, халқаро бўлимга кирдим. „Нечта олий таълим муассасангизда бу бўлимда вакансия бор“ десам билмайди. Нимани билади? Нима иш билан шуғулланади? Умуман шундай тизим бўлади — вазирлик ОТМлар аҳволини сўраб туради. Керак бўлса ҳар куни ахборот берасизлар. Вазият қандай, COVID билан касалланганлар йўқми, қурилиш бўлаётган бўлса, у қандай кетаяпти, дарс сифати қанақа — бугундан бошлаб мониторинг қиламиз», — деди вазир.

У шунингдек, ОТМ раҳбарлари маҳаллий ҳокимликдаги йиғилишларга жалб қилиниши масаласига ҳам тўхталган.

«Қайси вилоятда қайси ОТМларимиз бир ҳафта мобайнида неча марта неччи соат йиғилишга бораяпти, буни ҳам қонуний ҳал қилиб берамиз. Тизимни сал қаддини кўтариб олиш керак», — деган ОТМ вазири Абдуқодир Тошқулов.

Аввалроқ, ОТМ вазири хорижлик меҳмонларни кутиб олишга жалб қилинаётган талаба қизлар бўйича муносабат билдириб, «Нега менинг гул қизларим, гул кўтариб чиқиши керак? У ерга ҳам ўзингизни фарзандингизни қўйиб кўринг», деган эди. У бу ҳолатни мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши деб атади.