Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов хорижлик меҳмонларни адрас кўйлакда гул кўтариб, кутиб олишга ОТМ қизлари жалб қилинаётганига муносабат билдирди.

«Бизни вазир ўринбосаримиз ҳам катта хатога йўл қўйган. Энг ёмон кўрганим шу, хориждаги меҳмонларни кутиб олиш учун нега менинг гул қизларим, гул кўтариб чиқиши керак? У ерга ҳам ўзингизни фарзандингизни қўйиб кўринг. У бўйича алоҳида буйруқ қиламиз. Буни мажбурий меҳнатга тенглаштирамиз. Бу мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши», — деди вазир.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов.

Яъни у қизлар хоҳлаб бораётгани йўқ. Совуқда, дарсдан чиқиб, тўгаракка бориш керак бўлган вақт ёки дам олиш вақти адрас кўйлакни кийиб гул кўтариб бориш қайси қизга ёқади? Бўлмаган нарса у. Таржимон бўлса тушунаман, туризмда ўқиса тушунаман. Стадионни тўлдириш учун ҳам талаба, фон учун талаба, фестиваль бўлса талаба… Ҳамма жой ҳуқуқий қолипга тушиши шарт. Талаба ўқиш керак. Керак бўлса тўйиб ухлаши керак, талабанинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳаққимиз йўқ", — деган Абдуқодир Тошқулов.

Аввалроқ, блогер Alimoff Тошкент шаҳрига бир қатор олий ва юқори даражадаги меҳмонлар ташрифи чоғида уларга гул бериш мақсадида ОТМларда таҳсил олаётган, давлат протоколига мос келувчи қизларнинг рўйхатини бериш сўралган хатни эълон қилган эди. Унга пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзо чеккан.

Alimoff / Telegram.

«Ташриф дастурларига мувофиқ, мазкур меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш даврида меҳмонларга ўзбек миллий либосидаги қизлар гулдаста тақдим этадилар.

Шу муносабат билан, Тошкент шаҳрида жойлашган олий ўқув юртларида таълим олаётган, давлат протоколи талабларига мос келадиган 50 нафар талаба-қизларнинг рўйхати, иккитадан фото-сурати, паспорт нусхаси ва маълумотномалари жорий йилнинг 5 февралига қадар тақдим этилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.

Тавсия этиладиган талаба-қизларнинг бўй басти, ташқи кўриниши, тарбия ва одоби, чет тилларини билиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ", дейилган эди хатда.