Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов «Америка овози»га берган интервьюсида энергетика ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Вазир айрим ҳудудларга газ қувурлари ётқизилган тақдирда ҳам газ етиб бормаслиги, боиси босим йўқлигини таъкидлади.

«Қувур келгани билан газ келмайди. Чунки босим йўқ миқдор бўлгани билан. Бу — тизимли муаммо. Иқтисодиёт нуқтаи назаридан ҳам, менталитет, дунёқараш нуқтаи назаридан ҳам», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, яқинда йирик турк компанияси раҳбари бош вазир Абдулла Ариповга Ўзбекистонда газ билан боғлиқ катта муаммолар мавжудлигини маълум қилган.

«У шундай деяпти: «Туркия давлатида ишлаб чиқариш, саноат ривожланган, буларнинг барчаси энергия ресурсларини талаб қилади. Бизнинг аҳолимиз 95 миллион. Уларнинг ҳам яшаши яхши, ҳеч ким қишда совуқда ўтирмайди. Биз 95 миллион аҳоли ва ривожланган саноат билан йиллик 45 млрд куб метр газ истеъмол қилсак, Ўзбекистон 35 миллион аҳоли билан 45 млрд куб метр газ истеъмол қилмоқда», — дея туркиялик тадбиркорнинг сўзларини келтирди энергетика вазири.

Алишер Султоновнинг таъкидлашича, ҳозирги кундаги мавжуд газ захиралари: «Учта Ўзбекистонни боқа олади».

«Шунинг учун „энергосамарадорлик“ бизнинг йиллар давомидаги асосий шиоримиз бўлиши керак. Энг асосий ислоҳотимиз, бу — энергия тежамкорлиги. Бу нарсани кичкина болачанинг миясига: тишингни тозалаётганда сувни ўчириб қўй, хонадан чиқаётган чироқни ўчир, кабиларни сингдириб қўйсак… Оддий мисоллар. Чунки бунинг ичида жуда ҳам кўп нарса бор. Бунинг ичида ишлаб чиқаришнинг ҳам энерготежамкорлиги бор. Ҳозирги кунда 90 фоиз, майли 70 фоиз ишлаб чиқаришда энерготежамкорликка жавоб бермайдиган ускуналар ўрнатилган, эски-эски. Ўшани ҳозир модернизация қиладиган бўлсак, янгисини қурадиган бўлсак, 2−3−4 баробаргача энергияни кам ишлатади. Бу жараён бошланди», — деди у.

Вазирнинг фикрича, Ўзбекистон яқин вақтларга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланмаган деган қарашларнинг катта хато эканлигини таъкидлаб ўтди.

Алишер Султонов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида мамлакатнинг ҳозирги энергетика тизими собиқ иттифоқдан мерос бўлиб қолгани, сўнгги 30−35 йилда газ қазиб олиш ҳажмини йилдан йилга камайтириб бориш эвазига «Ўзбекнефтгаз»ни банкрот қилишга уринишганини маълум қилган эди.

Аввалроқ «Газета.uz» 2020 йилда Ўзбекистон 50,4 млн долларга газ импорт қилгани, бу 2019 йилга қараганда 237 мартага кўп экани ҳақида ёзган эди. Экспорт ҳажми эса қиймат жиҳатдан 4,7 баробарга камайди.