Энергетика вазири Алишер Султонов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистон энергетика тизими ҳам маънан, ҳам жисмонан эскирди, нефть-газ ва электр энергия соҳасига сўнгги 30 йил ичида ҳеч нима киритишмади, дея таъкидлади.

Совуқ ҳаво тушиши билан электр энергиясини етказиб беришда узилишлар бошланди ва нима учун сўнгги тўрт йил ичида тизим тартибга солинмади, дея берилган саволга вазир бу оддий амалиёт экани ва «бундай пайтларда ваҳимага тушмаслик муҳим», дея қўшимча қилди.

«Буларнинг барчасининг ўз вақтида олдини олиш ва тизимни қандай йўлга қўйиш, нормаллаштиришни тушуниш муҳимдир. Тартибга солиш ва қайта ишга тушириш. Мен авариявий вазиятлар [юзага келишини] нормал ҳолат демоқчи эмасман. Табиийки, биз нимага содир бўлгани, ким бунда айбдорлиги билан шуғулланамиз. Албатта, кимдир айбдор бўлади. Мўжизалар бўлмайди», — деди Алишер Султонов.

Вазир шу ўринда 21 ноябрь ҳолатига [суратга олиш жараёнида] «барча режимлар тўғриланган, бутун тизим барқарорлаштирилганини таъкидлади.

«Буни тўрт йил ичида амалга ошириш мумкин эдими? Мен ўйлайманки, йўқ. Битта станция уч йил қурилади. Яна бир марта такрорлайман, нафақат нефтгаз соҳасига, балки электр энергия соҳасига ҳам сўнгги 30 йил ичида ҳеч нима [сармоя] киритишмаган», — дея таъкилади энергетика вазир.

Унинг қайд этишича, соҳанинг ҳозирги ҳолати, бу — собиқ иттифоқ мероси ҳамда Ўзбекистоннинг сўнгги 30 йил ичида ҳаракатсизлиги оқибати. «Ҳаракатсизлик — мажбурликдан, яъни, бунга сармоя ажратилмаган. Ҳеч нарса ўз-ўзидан қилинмайди, барчасига пул керак, лекин, табиийки, у нимага сарфланаётганини ҳам кўриш лозим», — дея қайд этди Султонов.

Вазирга кўра, эскирган тизимларга қарамай қувватлар ишламоқда, реконструкция ва модернизация ишлари олиб борилмоқда, энергетика соҳаси стратегияси эса ишлаб чиқариш объектларига хусусий капитални жалб қилишга қаратилган.

«Бу ҳам революцион қарор бўлган. Бу соҳа хусусий пуллар билан кириб бўлмайдиган „муқаддас сигир“ каби эди. Бугун эса Ўзбекистонда улкан хусусий электростанция қуриш бошланмоқда. Саудия Арабистонининг Aqua Power компанияси аллақачон қурилиш майдонида ишларни бошламоқда. Яқин кунлар ичида пойдеворнинг биринчи тошини қўйиш маросими бўлиб ўтади. Ушбу станциянинг қуввати 1,5 ГВтга тенг. Замонавий блоклар — Япония Mitsubishi`синики. У Сирдарёда қурилади», — дея маълум қилди энергетика вазири.

Интервьюда энергетика соҳасидаги муаммолар ҳақидаги салбий қарашлар келтириб чиқарадиган босимни қандай енгиб ўтиш тўғрисида савол берилди. Вазир ушбу саволга ҳазиломус жавоб қайтарди.

«Жуда ҳам яҳши ҳазил гап бор. Сен ичасанми? — Йўқ. Чекасанми? — Йўқ. Юрасанми? [Гуляешь] — Йўқ. Унда қандай қилиб дам оласан, деса, у мен руҳан зўриқмайман, дея жавоб берган экан [жилмайиб қўйди]. Аслида эса бизни ҳам руҳий зўриқишимизга тўғри келади, лекин ҳар доимгидек. Мен ўйлайманки, ҳозир дунё шунақа, биз барчамиз стрессга мойил бўлиб бораяпмиз», — деди вазир.