2020 йил январь-декабрь ойларида Ўзбекистонга газ импорти 50,4 млн долларни ташкил этди, бу 2019 йилга нисбатан 237,1 баравар кўпдир. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг ташқи савдо айланмаси тўғрисидаги ҳисоботида айтилган.

«Газета.uz» сўровига кўра Энергетика вазирлиги газнинг қаердан ва қандай ҳажмда импорт қилинганлиги тўғрисида изоҳ беришдан бош тортди. «Газета.uz» манбаларига кўра, газ Туркманистондан сотиб олинган.

Газ экспорти қиймати бўйича 4,7 бараварга, яъни 2,2 млрд доллардан 478,1 млн долларга камайди. Бу Россияга газ экспортининг тўхтатилиши, шунингдек коронавирус пандемияси шароитида Хитойга етказиб бериш ҳажмининг уч баравар камайиши туфайли юз берди. Ноябрь ойи охирида «Лукойл» Ўзбекистондаги лойиҳаларда газ қазиб олишни лойиҳалаш даражасида деярли тўлиқ тиклаганлиги маълум бўлди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми ўтган йилга нисбатан 10,8 млрд кубометрга ёки 17,8 фоизга, яъни 60,5 млрд дан 49,7 млрд кубометргача камайди.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Ўзбекистонда кунига 20 млн куб метр газ тақчиллиги борлигини айтди. Давлат раҳбари газ экспорти ҳажмини камайтиришни буюрди, шу сабабли қўшимча равишда 7−8 млн кубометр газ аҳоли эҳтиёжларига йўналтирилади.

«Интерфакс» хабарига кўра, 2020 йил бошидан бери Россиянинг «Газпром» компанияси Ўзбекистондан деярли ҳеч қандай табиий газ сотиб олмаган. Ўтган йилнинг 6 ойи давомида компания Ўзбекистондан импорт ҳажми нолга тенг бўлгани тўғрисида хабар берган бўлса, 2020 йилнинг 9 ойи давомида эса 20 млн кубометр ўзбек ёқилғисини сотиб олгани тўғрисида маълум қилган. 2019 йилда «Газпром» Ўзбекистондан 7,6 млрд кубометр газ сотиб олган эди.

2021 йилги Давлат дастури лойиҳасига кўра, 1 мартдан бошлаб суюлтирилган газни олиб кириш божини бекор қилиш ва электр ва газ улгуржи бозорини яратиш режалаштирилган. Йирик корхоналар энергия манбаларини импорт қилиш ҳуқуқини олишлари мумкин.