Сўх туманида аэродром қурилиши бошланди, дея хабар бермоқда Фарғона халқаро аэропорти расмий канали.

Президентнинг Сўх туманини ривожлантириш бўйича қарорига биноан, туманда аэродром қурилиши учун «Новобод» МФЙ ҳудудидан жаъми 4,5 гектар ер майдони ажратилган.


Бу ердан илгари маҳаллий аҳоли аэропорт сифатида фойдаланган.

Лойиҳага кўра, учиш ва қўниш майдончасининг узунлиги 650 метр ва эни 100 метрни ташкил этади.

Лойиҳа қиймати 12 млрд сўмни ташкил этади. Қурилиш ишларини май ойига қадар якунига етказиш режалаштирилган.

Фарғона ва Сўх ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилиши август ойида маълум бўлган эди.

Ўшанда авиақатновларга Ўзбекистондаги «Humo AIR» авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда Ўзбекистон ҳаво йўлларининг «Uzbekistan Helicopters» масъулияти чекланган жамиятига қарашли МИ-8 вертолётларини жалб қилиш режалаштирилганлиги айтилган эди.

Бошланғич босқичда кунига 2 тадан парвозлар амалга оширилиши кўзда тутилган эди.