Фарғона вилояти Сўх туманида вертолётлар ва самолётлар учун учиш-қўниш майдончаси ташкил этилади. Бу ҳақда бош вазир А.Арипов чоршанба куни туман фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

8 август куни қабул қилинган президент қарорига кўра, Фарғона вилояти ҳокимлигига бир ой муддатда Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаларини ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Ушбу мақсадда Сўх тумани «Новобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кичик аэропорт ташкил этилмоқда. Унинг майдони салкам 10 гектарни эгаллайди. Бу ердан илгари маҳаллий аҳоли аэропорт сифатида фойдаланган. Шунингдек, «Фарғона» халқаро аэропортида ҳам мазкур йўналишда аниқ тадбирлар ишлаб чиқилган, дейилади хабарда.


Авиақатновларга Ўзбекистондаги «Humo AIR» авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда Ўзбекистон ҳаво йўлларининг «Uzbekistan Helicopters» масъулияти чекланган жамиятига қарашли МИ-8 вертолётларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Ан-2 самолёти.

МИ-8 вертолёти.

Ан-2 самолёти 12 та йўловчи сиғимига, МИ-8 вертолёти эса 16 нафардан 20 нафаргача одам олиш имкониятига эга ҳисобланади. Йўловчилар 35−40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади.

Парвозларни ҳозирча кунига 2 тадан амалга ошириш мўлжалланмоқда. Келгусида талабга қараб авиқатновлар кўпайиши мумкин.

Транспорт вазирлиги авиақатновларнинг чипта нархлари йўловчилар учун мақбул нархларда бўлиши бўйича тегишли тадбирларни ишлаб чиқмоқда. Қарорда Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти қатнови бўйича кўрилган зарарларни қоплаш учун компенсация тўловларини жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан қопланишини ва келгуси йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминлаш белгиланган.