Ўзбекистон президентининг 4 февралдаги қарори билан Фанлар академияси, Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фанлар академияси муассислигида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилди.

Қуйидагилар фонднинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • Алишер Навоий ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари ва илмий-адабий меросини юртимизда ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш;
  • Алишер Навоий асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, мукаммал илмий нашрларини яратиш, уларни республикада ва чет элларда нашр этиш;
  • Алишер Навоийнинг илмий-адабий меросини тадқиқ этаётган адиб ва олимлар фаолиятига кўмаклашиш, улар яратган илмий ва бадиий асарларни жамлаш, шоир ижодини ўрганаётган, жумладан хорижий давлатлардаги илмий-ижодий марказлар билан ҳамкорлик қилиш;
  • ҳар йили Алишер Навоий туғилган сана — 9 февраль куни халқаро конференция (симпозиум) ва «Навоийхонлик кунлари»ни ташкил этиш ва ўтказиш.

Фондга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан ҳар йили 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам молиялаштирилади.

Жамғарма Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, академик Яҳё Ғуломов кўчаси, 70-уйнинг бир қисмида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.