Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни «Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ҳужжатнинг бошида қайд этилишича, яратилган имкониятларга қарамасдан Тошкент вилоятида мавжуд туризм салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаган, туристик инфратузилмани ривожлантириш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган, хизмат кўрсатиш соҳасида ривожланган мамлакатлар даражасидан кам бўлмаган салоҳиятга эга бўлсада, бугунги кунга келиб туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар етарли даражада эмас ҳамда ўз ечимини топмаган бир қатор муаммолар мавжуд. Хусусан:

биринчидан, туманда маҳаллий бошқарув тизимидаги муаммолар сабабли, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида манзилли ишлар йўлга қўйилмаган;

иккинчидан, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, шу жумладан, йўл, ичимлик ва оқова сув тизими, электр тармоғи инфратузилмалари эскирган ва талаб даражасида эмас, ахборот-телекоммуникация тармоқлари етарли даражада ташкил этилмаган;

учинчидан, туманнинг бош режаси, батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш якунига етказилмаганлиги сабабли ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш борасидаги ишлар талаб даражасида амалга оширилмаган;

тўртинчидан, туманнинг асосий қисми дам олиш рекреацион ҳудуд бўлишига қарамасдан, чиқиндиларни қайта ишлаш, атроф-муҳит ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ҳолати қониқарсиз даражага келиб қолган.

Шу боис, Бўстонлиқ туманининг туристик йўналишдаги рақобатдош устунликларидан самарали фойдаланиш, ҳудуднинг ихтисослашувини аниқ белгилаш, туристик, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш учун 2022 йил 31 декабрга қадар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида алоҳида маъмурий-бошқарув тизими жорий қилинади.

Бунда, бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси (ҳозирда ушбу лавозимни Азиз Абдухакимов эгаллаб келмоқда) бир вақтнинг ўзида «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси директори лавозимини эгаллайди, шунингдек, Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Шу билан бирга, бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, давлат бошқаруви органларининг туман бўлинмалари раҳбарларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича таклиф киритади;
  • туман ҳокимлиги бошқарув аппарати ва давлат бошқаруви органлари туман бўлинмаларининг тузилмаларига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
  • президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқларини туманда масъул ташкилотлар томонидан ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини назорат қилади, шунингдек, камчиликларга йўл қўйган масъул ташкилотлар раҳбарларига нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган чоралар кўриш бўйича таклиф киритади.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида туманда жойлашган аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ давлат мулки объекти бўлган дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектлар, шунингдек, туристик инфратузилмани яратиш имконияти бўлган ер участкалари Дирекцияга кейинчалик самарали фойдаланиш ва (ёки) реализация қилиш учун ўтказилиши кўзда тутилган.

«Чорвоқ» эркин туристик зонаси (кейинги ўринларда — эркин туристик зона) ҳудудида жойлашган ҳамда Дирекцияга ўтказилган давлат мулки объектлари ва ер участкаларини реализация қилиш Дирекциянинг қарорига асосан электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.

Шунингдек, эркин туристик зона ҳудудида жойлашган ер участкалари ер фондини бир тоифадан бошқасига ўзгартириш, уни туристик инфратузилмани ривожлантириш учун ажратиш эркин туристик зона Маъмурий кенгашининг қарорига асосан амалга оширилади. Бунда, ер участкалари эгаларига Тошкент вилоятининг бошқа ҳудудларидан фаолият турига мос ер участкаси ва етказилган зарарни қоплаш назарда тутилади.

Туманда жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини юритиш учун электрон онлайн аукцион орқали сотувга қўйиш Дирекция қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Фармонда қайд этилишича, эркин туристик зона ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини сотиб олган инвесторларга ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқлари истисно тариқасида Тошкент вилояти ҳокимининг алоҳида қарори қабул қилинмасдан расмийлаштирилади. Шу қатори, туманда (эркин туристик зона ҳудудида жойлашган ер участкалари бундан мустасно), шу жумладан, ўрмон фонди ерларида ер участкаларини ажратиш, кўчмас мулкни бузиш, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани қуриш билан боғлиқ қарорлар Дирекция билан мажбурий тарзда келишилади.

Туман ҳокими тўғридан-тўғри Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади, туман прокуратураси, ички ишлар ва солиқ бўлинмаларининг раҳбарлари эса мақоми, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича тегишлича ушбу давлат органларининг республика даражасидаги раҳбарлари ўринбосарларига тенглаштирилиши белгиланди.

Дирекция директорига қуйидаги ваколатлар берилади:

  • хорижий инвесторлар, халқаро молия институтлари билан инвестиция, кредит, молиявий ёрдам ва грантлар жалб этиш бўйича келишувлар (меморандум, шартномалар) тузиш;
  • туманда жойлашган ер участкалари ва давлат мулки объектларини реализация қилиш бўйича қарорлар қабул қилиш;
  • ҳудудда жойлашган давлат мулки объектларини гаровга қўйиш орқали кредитлар олиш ва жалб қилиш;
  • ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш доирасида нуфузли консалтинг компаниялари, ҳудудда барпо этилаётган йирик объектларни лойиҳалаш ва қурилиш ишларига нуфузли хорижий лойиҳа ва пудрат компаниялар ҳамда малакали экспертларни жалб қилиш;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида эркин туристик зона ҳудудида яшил зоналарни ташкил қилиш, айрим ҳудудларда эса табиатга зарар келтирадиган хўжалик фаолиятини, шу жумладан, чорвачилик, деҳқончилик, янги саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш тақиқланган зоналарни белгилаш;
  • аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган айрим давлат хизматларини аутсорсинг тизими асосида ташкил этиш;
  • аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ давлат мулки объектлари бўлган дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектларни ишончли бошқарув шартномаси асосида бошқарув компанияларига бериш.

Президент фармони билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш жамғармаси ҳам ташкил этилилиши назарда тутилган. Бунинг учун, жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

  • туманнинг туристик инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан биринчи босқичда ажратиладиган 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит. Бунда, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан иккинчи босқичда кредит ажратилиши мазкур Фармон билан белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилган ва аниқ натижаларга эришилгандан сўнг амалга оширилади;
  • туман ҳудудида жойлашган давлат мулки объектлари ҳамда ер участкаларини реализация қилишдан тушадиган маблағлар (савдога чиқариш ва сотиш билан боғлиқ харажатлардан ташқари);
  • Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
  • халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотлари маблағлари;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити Дирекцияга 20 йил муддатга, шу жумладан, 5 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, йиллик фоиз ставкаси 6 ойлик LIBOR+3 фоизда ажратилиши белгиланган.

1 сентябрдан бошлаб туманда лицензия ва рухсатнома беришдан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жаримадан республика ва вилоят маҳаллий бюджетига тушадиган маблағлар ва божлар тўлиқлигича туман маҳаллий бюджетига ва туман ҳудудида жойлашган давлат мулки объектларини реализация қилишдан тушадиган маблағлар (баҳолаш ва хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш харажатларидан ташқари), шунингдек, ер участкаларини реализация қилишдан тушадиган маблағлар тўлиқ Жамғармага йўналтирилиш тартиби ўрнатилади.

Туманнинг ўзига хос туристик қиёфасини яратиш ва аҳоли турар жойларини замонавий инфратузилма асосида қайта барпо этиш мақсадида мазкур ҳудудда жойлашган аҳоли турар жойларини реконструкция қилиш (бино ташқи фасади ва томларини ўзгартириш, қайта қуриш, туризм хизматларини ривожлантириш учун зарур бўлган асбоб-ускунлар, мебель ва инвентарлар билан жиҳозлаш) учун кредитлар, шу жумладан, Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобидан ажратилади.

Алоҳида маъмурий-бошқарув тизими даврида туман ҳокимлиги фаолиятининг самарадорлиги қуйидаги асосий кўрсаткичларни ўз ичига олади:

  • аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш;
  • илғор хорижий тажрибага асосланган замонавий бошқарув тизимини жорий этиш;
  • ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, шу жумладан, таъмирталаб таълим, тиббиёт ташкилотларини зарур анжомлар, буюмлар, алоқа ва коммуникация воситалари билан таъминлаш;
  • туман иқтисодиётига инвестицияларни, хусусан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши ҳамда маҳсулотлар (хизматлар) экспортини ошириш;
  • тадбиркорликни ривожлантириш орқали маҳаллий бюджетнинг даромадини кўпайтириш, «хуфиёна иқтисодиёт» улушини камайтириш;
  • йўл-транспорт, ташқи муҳандислик-коммуникация тизимларини ривожлантириш, жумладан, ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда ахборот-телекоммуникация хизматлари сифатини ошириш;
  • экология ва атроф-муҳитни яхшилаш, шу жумладан, чиқиндиларни замонавий утилизация қилиш тизимини йўлга қўйиш.

Туман ҳокимлигининг устувор вазифалари қаторига туманнинг туристик салоҳиятини ривожлантиришда ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш, туристик инфратузилмани ривожлантириш ҳамда мақбул ва қулай туризм муҳитини яратиш, ташриф буюрган туристларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологияларни синов тариқасида жорий қилиш асосида ўзига хос экологик тизимни яратиш ва бошқа вазифалар.

Фармонга биноан туманда туризмни ривожлантиришга қаратилган етакчи хорижий мамлакатлар, жумладан, Туркия, Франция, Испания, Швейцария, Япония ва Корея Республикаси каби мамлакатлардан мутахассисларни жалб қилиш аҳамияти билдирилган.

Мазкур ҳужжатда белгилаб берилган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш учун 1 декабрга қадар мамлакат бош вазирига туманда мутлақо янги ўзини ўзи бошқариш тизимини жорий этиш юзасидан таклифлар киритиш топшириғи берилган.

Туманда амалга ошириладиган ислоҳотларни мувофиқлаштириш мақсадида Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти таркибида Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш шўъбаси ташкил қилинади.

Шу билан бир қаторда, Бош прокуратура тизимида Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижроси устидан назорат ҳамда ерлардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилади.

Фармон билан белгиланишича, туман ҳудудида атроф-муҳитни ифлослантирадиган зарарли саноат корхоналарини барпо этиш қатъиян ман этилади.

2021 йил 1 февралга қадар маҳаллий ва хорижий лойиҳа институтларини, шунингдек, маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда туман ҳудудининг батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилиб, бунинг учун Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш жамғармасига 10 млрд сўмгача бўлган маблағлар ажратилишини таъминланиши қайд этилган.

Йил якунига қадар «Оксок ота» ва «Нурек ота» дарёлари атрофлари бўйлаб туристик объектларни барпо этиш мақсадида муҳандислик-коммуникация тармоқлари, шу жумладан, йўл, ичимлик ва оқова сув тизими, электр ва алоқа тармоғи инфратузилмасини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига топшириқ берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг департаменти бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган Жўрабек Аҳмедов Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокими лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.