Азиз Абдуҳакимов Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақдаги фармонни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 август куни имзолади.

Азиз Абдуҳакимов бу тайинловга қадар бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимида фаолият юритган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг аввалги раиси Анвар Шаропов «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» лавозимидан озод этилди.

Азиз Абдуҳакимов (1974 йилда туғилган) 2014 йил ёз ойидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигини бошқарган. Мазкур вазирлик 2016 йил февраль ойида Меҳнат вазирлигига , жорий йилнинг май ойида эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ўзгартирилган.

Аввалроқ Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб борган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 2016 йил декабрда «Ўзбектуризм» Миллий компанияси негизида ташкил этилди.