Азиз Абдуҳакимов бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири этиб тайинланди. Ўзбекистон Президенти 26 май куни шу ҳақдаги фармонни имзолади, деб хабар қилди маҳкама матбуот хизмати.

Муқаддам — 2016 йилдан — Азиз Абдуҳакимов Меҳнат вазирлигини бошқарар эди. Давлат раҳбарининг 23 майдаги фармони билан у Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига айлантирилди.

Азиз Абдуҳакимов (1974 йилда туғилган) 2014 йил ёзидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигини бошқарган. Унгача — 2012 йилдан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

2010 йил мартидан Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи, унгача — худди шу қўмита раисининг биринчи ўринбосари бўлган.