Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг йиғилишида иштирок этиб нутқ сўзлаган ҳақида ёзган эдик. Давлат раҳбари ушбу нутқида «Бухоро бошқа вилоятлардан 10 йил орқада қолаётгани»ни айтиб, ҳудуд олдидаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтган эди.

Президент ижтимоий-иқтисодий соҳалар қаторида қишлоқ хўжалигига ҳам эътибор қаратган. Kun.uz нашрининг ёзишича, қишлоқ хўжалиги орқада эканлиги ва давлат раҳбарини мутлақо қониқтирмаслигини таъкидланган. Йиғилишда соҳага масъул бўлган мансабдор шахслар огоҳлантирилган.

«Қишлоқ хўжалигимиз жуда орқада. Шахсан мени мутлақо қониқтирмайди. Бухоро қишлоқ хўжалигида сувни икки баробар кўп ишлатяпти. Бу сув қанча меҳнат билан етиб келаётганини биласизларми? Жуда кўп электр энергияси сарфлаяпмиз.Сувни тежашни қачон ўрганамиз? Томчилатиб суғоришни қачон кенгайтирамиз? Мен Хўжаевни [қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев — таҳр.] қаттиқ огоҳлантирдим. Агар эплай олмаса ишдан оламан. Яқинда икки вазирни ишдан олдим, буни ҳам оламан», — деди президент.

Давлат раҳбари сентябрь охирларида бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган Шуҳрат Ғаниевни ҳам огоҳлантирди.

«Қишлоқ хўжалигимиз ҳам қониқтирмайди. Ҳалигача собиқ иттифоқ услубида ишлаяпмиз. Мен 1993 йилда Европага борганимда кўрганман, тупроққа тушадиган ҳар бир томчи сув, ҳар грамм ўғитнинг аниқ ҳисоб-китоби бор. Биз қачон ҳосилдорликни, даромадни кўпайтирамиз?! Ғаниевни [бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев — таҳр.] ҳам огоҳлантирдим, тизимни тўғри йўлга қўймаса, ишдан кетади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, президент 15 январь куни Юнусобод маҳаллалари фаоллари ва ёшлар билан учрашувда, раҳбарлар «аравани тортмаса, кетиши керак» дея айтган эди. Давлат раҳбари 10 кун ичида икки вазирнинг (уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиев ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов) ишдан олганини, қолаверса, бир қанча вазир ўринбосарлари — сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари — Баходир Рўзибоев, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарлари Саидкамол Ходжаев ва Ботиржон Сулаймонов, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов, транспорт вазири ўринбосари Даврон Деҳқоновнинг лавозимидан озод қилинганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, йиғилиш давомида президент бош вазирнинг икки ўринбосари «охирги хайфсан билан зўрға ишда қолган"ини ҳам маълум қилганди. Ўшанда ким ҳақида гап бораётганига аниқлик киритилмаган эди.