Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Раҳимович Саломов «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» ишдан бўшатилди. Бу ҳақда «Газета.uz» га ҳукуматдаги манба хабар берди.

У ушбу лавозимда 2020 йил 29 июндан бери ишлаб келган. Бунгача у Тошкентдаги Турин политехника университети ректори (2019−2020), ундан олдин — Андижон машинасозлик институти ректори (2016−2019) сифатида ўз фаолиятини олиб борган.

Ўктам Саломов Тошкент давлат университетини (1999), Париждаги Пер ва Мари Кюри университетларининг аспирантурасини (2004) ва Италиядаги Турин политехника университетининг докторантурасини тугатган (2014). У Ўзбекистон Фанлар академияси ва Тошкентдаги Турин политехника университетида турли лавозимларда ишлаган.

Унинг янги иш жойи ҳақида хабар берилмаган.

Олий таълим вазирлиги раҳбари Ином Мажидовнинг ҳам ишдан бўшатилгани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га берган ахборотида бу маълумотни рад этди.