Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, қишлоқ хўжалиги вазирининг икки нафар ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича ўринбосари Саидкамол Ходжаев бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод қилинган.

Саидкамол Ходжаев 2018 йилнинг июлида қишлоқ хўжалиги вазирининг молия ишлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. 2020 йилнинг сентябрь ойида эса вазирнинг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича ўринбосари этиб тайинланган. Олдинроқ у «Агробанк» раҳбари эди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги вазирининг фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш буйича ўринбосари Ботиржон Сулаймонов ҳам лавозимидан озод қилинган. У 2020 йилнинг сентябрь ойида вазир ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

Ботиржон Сулаймонов. Фото: Тошкент давлат аграр университет матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, Ботиржон Сулаймонов Тошкент давлат аграр университети ректори лавозимида қолади.