Қирғизистон бош вазир ўринбосари Эльвира Сурабалдиеванинг хабар беришича, мамлакатда COVID-19 бўйича ўлим ҳолатлари аслида Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилаётган расмий сонлардан анчагина кўпроқ, дея хабар берди 24.kg.

Бу гуманитар ёрдамнинг тўғри тақсимланишини назорат қилувчи идоралараро комиссия томонидан аниқланган.

«Идоралараро комиссиянинг хулосаларига кўра, пандемия оқибатидаги ўлим ҳолатлари бўйича рақамлар ўртасидаги фарқ бир неча мингни ташкил қилмоқда. Пандемиянинг энг қизғин даврида алоҳида мансабдорлар ҳужжатларни ушлаб туришган, бунинг оқибатида даволаш ва дорилар етказиб бериш ишларида тартибсизликлар юзага келган», — деди у.

Унинг таъкидлашича, пандемия даврида ажратилган гуманитар ёрдам айрим шахслар томонидан ўғирланган. У яқин орада комиссиянинг барча кузатувларини эълон қилишга ваъда берди.

Бир кун олдин Қирғизистонда ўрта мактаблар, олий ўқув юртлари ва болалар боғчалари иши босқичма-босқич тикланиши маълум қилинди. Дарслар 2020 йил 16 мартдан бошлаб онлайн форматга ўтказилган эди.