АҚШда федерал ҳукумат қарорига кўра 1953 йилдан бери илк бор аёл киши қатл этилди дея хабар берди New York Times. Маҳкум Лиза Монтгомери 2004 йил 16 декабрь куни ҳомиладор аёлни ваҳшийларча ўлдирганликда ва туғилмаган гўдакни олиб қочишда айбдор деб топилган.

У ўз айбини тан олган ва 2007 йилда суд унга нисбатан ўлим жазоси тайинлаган. Адвокатлар унда турли галлюцинациялар ва «ёлғон ҳомиладорлик синдроми» бўлганлигини айтишган. Дастлаб, ҳукм 2020 йил 8 декабрда амалга оширилиши керак эди, аммо у 2021 йил 12 январга қолдирилган эди.

Жазо ижроси Индиана штатининг Терра-Хот қамоқхонасида, танага ўлим инъекциясини юбориш орқали амалга оширилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июль ойида АҚШда сўнгги 17 йил ичида илк бор федерал даражадаги жиноятда айбланган маҳкумнинг қатл этилгани ҳақида хабар берган эдик.