2020 йилнинг декабрь ойида товарлар ва хизматлар ўртача 1,6 фоизга қимматлашди. 2019 йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 1,7 фоизни ташкил қилган. 2020 йил давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар 11,1 фоизга ўсди. Ўтган йили бу кўрсаткич 15,2 фоизни ташкил этган эди, дея хабар берди Статистика қўмитаси.


2020 йилнинг декабрь ойида, фоизда
2019 йилнинг декабрь ойида, фоизда
Умумий ҳисобда (2020 йил), фоизда
Умумий ҳисобда (2019 йил), фоизда
Озиқ-овқат маҳсулотлар
2,4
3,3
15,3
18,6
Ноозиқ-овқат маҳсулотлар
0,9
0,5
8,8
10,9
Хизматлар
0,9
0,3
7,1
15,2

Озиқ-овқат маҳсулотлар

2020 йилнинг декабрь ойида кузатилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари асосий гуруҳларидан бошқаларга нисбатан мева-сабзавот маҳсулотлари (7,3%) нархлари сезиларли даражада қимматлашди. Тухум нархлари ой давомида 3,5 фоиз, ёғ-мой маҳсулотлари 2,2 фоиз, сут маҳсулотлари 1,6 фоиз, шакар, чой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари 1,4 фоиз, гўшт, парранда гўшти ва балиқ 1,2 фоизга кўтарилди. Умумий овқатланиш муассасаларидаги нархлар ой давомида 1,4 фоиз, спиртли ичимликлар 1,1 фоиз, алкоголсиз ичимликлар 0,4 фоизга қимматлашди.

2019 йилнинг охирига нисбатан тухум (37,6%), ёғ ва мойлар (27,0%), гўшт, парранда гўшти ва балиқ (18,1%), шунингдек, нон маҳсулотлари (15,2%) нархлари сезиларли даражада қимматлашганини таъкидламоқда Статистика қўмитаси.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар

2020 йилнинг декабрь ойида кузатувдаги ноозиқ-овқат маҳсулотлари асосий гуруҳлари орасида нархларнинг ой давомидаги ўсиши бўйича етакчилик заргарлик буюмлари ва автомобиллар учун ёқилғи нархларига тегишли бўлиб, нархлар ўртача 2,5 фоизга ошган.

2019 йилнинг декабрида ноозиқ-овқат маҳсулотлардан салмоқ вазн жиҳатидан нархларнинг ой давомидаги ўсиши бўйича етакчи ўринларни заргарлик буюмлари (1,0%), шунингдек, кийим-кечак ва оёқ кийим нархлари (0,7%) банд этган.

Хизматлар

2020 йилнинг декабрь ойида тарифларнинг ўсиши бўйича етакчи ўринлар маиший (2,0%) ва тиббий хизматлар (1,9%) нархларига тегишли бўлди.

2019 йилнинг декабр ойида пуллик хизматлар тарифларининг ой давомида ўртача 0,3% га ўсишида маиший (1,0%) ва тиббий (0,5%) хизматлар нархлари етакчилик қилган.

Элатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки 2020 йил 1 январдан босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтди. Инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Фото: Марказий Банк

2020 йилда инфляция даражаси учун 12, 5 фоизли таргет ўрнатилган эди. Тепадаги расмда кўриниб турганидек, ўтган йил учун инфляция даражаси 11−11,5 фоиз прогноз қилинган.