Ўзбекистонда вилоят ҳокимлари янги йил байрамини қандай кутиб олади? «Халқ сўзи» нашри айрим вилоят ҳокимлардан бу саволларга жавоб олди.

Андижон вилоятида корхона-ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, жумладан, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Янги йилни ўз иш жойида кутиб олади.

Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят раҳбарияти Андижон вилоятининг 3 млн 172 минг 116 нафар аҳолиси тинчлиги ва осойишталигига масъуллигини таъкидлайди.

Шуҳрат Абдураҳмонов. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

«Халқимиз байрамни кўнгилдагидек нишонлаши учун ҳамма шароитни яратиш, байрам тадбирларини кўнгилдагидек ўтказишларини таъминлаш шу куннинг энг катта вазифасидир. Шу сабаб шу куни вилоятдаги барча раҳбарлар ўз иш жойларида бўлади ва Янги йилни хизмат фаолияти давомида кутиб оладилар. Биз учун вилоятимиз аҳолисининг тан-сиҳатликда, тинчлик-хотиржамликда ўтган ҳар бир сонияси катта байрамдир!», — дейди Андижон ҳокими.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Янги йил байрами куни ишхонада ўзи навбатчилик қилади. У бу ҳар йили такрорланадиган ҳолат эканлиги айтади.

Ғофуржон Мирзаев. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

Ҳокимнинг оиласи ва фарзандлари Янги йил киришидан олдин вилоятдаги Юрт байроғи майдонига келишади, Ғофуржон Мирзаев улар билан бирга майдонни айланиб, сайр қилади. Янги йил кириш вақти ҳоким бирров уйига кириб чиқади ва яна ишга қайтади.

Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсуновнинг ҳам байрам кунги иш тартиби одатий иш кунидек, тиғиз.

«Биз ҳар йили ака-ука, опа-сингиллар соат тўққиздан ўтиб, туғилиб вояга етган ҳовлимизга йиғиламиз. Ота-онамизни байрам билан қутлаб, кейин тарқаламиз. Бугун ҳам шундай, ҳозир ҳожи бобони табриклаб, кейин уйга қайтаман. Янги йилни оиламиз, фарзандларимиз даврасида кутиб оламан.

Қобул Турсунов. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

Навоийда ҳар йили 30 мингга яқин киши Янги йилни ўз иш ўринларида кутиб олишади. Улар иши узлуксиз ташкил этилган НКМК ва «Навоий азот», «Қизилқумцемент», «Навоий ИEС» АЖлари ишчи мутахассислари ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари ва тинчлик, осойишталигимиз посбонларидир. Янги йил киргач, мазкур корхона ва ташкилотлар раҳбарлари билан боғланиб, байрам билан қутлаш баҳонасида вазиятдан огоҳ бўламан. Уйда қолиш ёки қолмасликни вазиятга қараб белгилайман", дейди Қобул Турсунов.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам янги йил байрами куни одатда кун давомида иш жойида бўлишини айтган.

Самарқанд ҳокими тунги вақтда шаҳарнинг турли бурчакларида ўрнатилган янги йил арчаларининг барчасига шахсан бориб, аҳолининг байрам кайфияти билан қизиқади. Шунингдек, бу жойларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг пандемия қоидаларига риоя қилаётганлигини ўрганади.

Эркинжон Турдимов. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

Самарқанд вилоят ҳокимлиги axборот хизматининг маълумот беришича, вилоят ҳокими байрамда кечки пайт оила даврасида бўлишга ҳам улгуради.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Янги йил кириш дақиқаларида оиласи даврасида бўлишини маълум қилган.

Зойир Мирзаев. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

«Ҳар йили Мустақиллик, Наврўз ва Янги йил байрамларида президентимиз табрикларини оилавий эшитиш одат тусига кириб қолган. Бу ҳолат кўпчиликда кузатилса керак. Шундай экан, телефон орқали бўлса ҳам самарқандлик қариндошларни табриклаб, бироз Қарши шаҳридаги ўзгаришларни кўздан кечириб, айниқса, коммунал соҳада вилоятимизда муаммо чиқмаслигига амин бўлганимдан сўнг уйга ошиқаман», — дейди вилоят ҳокими.