Иқтисодиёт ва сиёсатшунослик бўйича илмий адабиётларда кўп йиллар давомида демократиялашув ва иқтисодий ўсиш даражаси бир-бирига боғлиқ эмаслиги тўғрисида деярли якдил фикр мавжуд эди. Қабул қилинган консенсусда иқтисодий ўсиш демократиялашув жараёнисиз ҳам амалга ошиши мумкинлиги айтилган. Кўпгина тадқиқотлар демократиялашув даражаси иқтисодий ўсишга ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши мумкин эмаслигини кўрсатар эди.

Албатта, иқтисодчилар демократик давлатларнинг автократик давлатларда тез-тез содир бўладиган ҳалокатли қарорлардан қочиш қобилиятидаги жуда кўп афзалликларни синчковлик билан қайд этишган. Масалан, иқтисодиёт соҳасидаги Нобель мукофоти совриндори ҳамда қашшоқлик ва очарчилик соҳасидаги энг йирик тадқиқотчилардан бири Амартия Сен очарчилик демократик давлатларда бўлиши мумкин эмас деган хулосага келди ва бундан ташқари оммавий очарчиликнинг барча тарихий мисоллари фақат автократик давлатларда бўлган.

Аммо жуда ёмон иқтисодий қарорлар демократик давлатларда кам учрасада, демократик давлатлар автократик давлатларга қараганда яхшироқ ривожланган деб айтолмаймиз.

Ўртача кўрсаткичлар нима учун бунчалик кам маълумотга эга эканлигига тўхталиб ўтиш лозим. Демократия ва автократиялар ўртача иқтисодий жиҳатдан бир хил ўсишга эришдилар, аммо автократиялар жуда тез ёки жуда секин ўсди. Демакки, автократияда ҳаёт лотерея ўйинига ўхшайди: агар ҳукмдор билан омад «чопса», жуда тез ўсиш мумкин, агар омад «чопмаса», унда вайронагарчилик ва очлик кўп йилларга кафолатланади.

Албатта, муваффақиятли автократия мисоллари жуда кўп, аммо муваффақиятсиз автократик давлатлар мисоллари бунданда кўпроқ. Статистик тил билан изоҳлаганда, автократияларнинг ўсиш натижаларидаги дисперсия демократик давлатларнинг ўсиш тарихига қараганда кўпроқ.

Гектор Алмейда ва Данель Феррейра ўзларининг ишларида автократик давлатларда иқтисодий ўсиш вариацияси демократик давлатларга қараганда 4,5 баравар кўп эканлигини кўрсатишди. Статистик тилдан оддий тилга ўгирадиган бўлсак, автократик давлатларда иқтисодий «муваффақиятли» ва «муваффақиятсиз» мамлакатларда ўсиш суръатлари ўртасидаги фарқ демократик мамлакатларга қараганда 4,5 баравар кўпдир.


1970−1989 йилларда автократик ва демократик давлатларнинг ўсиш суръатлари. Алмейд ва Феррейра ишларидан олинган график.

Ушбу қонуният таниқли рус сиёсатшуноси Владимир Гелманнинг «ҳар бир Ли Куан Юга ўнтадан Мугабе тўғри келади» деган сўзларида яхши акс этган.

Адабиётни сарҳисоб қиламиз: демократиялашув секин, аммо аниқ ўсишга олиб келади, авторитаризм эса лотереяда «омад кулиб», ҳукумат компетент автократ томонидан бошқарилса, тез ўсишга ёки «омад кулмаса» узоқ йиллик қашшоқлик ва эркинликнинг йўқлигига (бу, албатта, тез-тез содир бўлади) олиб келади.

Сиёсий тизимнинг иқтисодий ривожланишга таъсир қилмаслиги тўғрисидаги консенсус манбаи Гарвард иқтисодчиси Роберт Барроунинг ишидир (1,2), у регрессив таҳлилдан фойдаланган ҳолда «сиёсий ҳуқуқларнинг кўпайиши иқтисодий ўсишга олиб келади», деган хулоса учун етарли сабаб йўқ деб ҳисоблайди.

Олдиндан айтиб қўймоқчиман, менинг бу мақолам 2019 йилда нашр этилган ва Барроу хулосаларини рад этган илмий иш ҳақида. МТИдан Дарон Ажемоглу, Колумбия университетидан Суреш Найду, Бостон университетидан Паскал Рестрепо ва Чикаго университети вакили Жеймс Робинсонларнинг чинакам юлдузли гуруҳи демократиялашув аслида иқтисодий ўсишнинг сабаби эканлигини кўрсатувчи мақолани чоп этди. Демократиялашув даражасининг ошиши мамлакат фаровонлигининг ошишига олиб келади.

Мақолада муаллифлар жуда илғор методологик янгиликлардан фойдаланишган, натижада мақола кўп йиллар давомида кўпгина тадқиқотчиларни қийнаб келган ушбу саволга жавоб беришга имкон берди.

Лирик чекиниш

Янги тадқиқот натижалари ҳақида гапиришдан олдин, лирик чекиниш қиламиз. Илм-фан бахтсизлигига ва инсонлар бахтига иқтисодчилар, масалан, физиклардан фарқли ўлароқ, кўплаб қизиқарли масалаларда тажрибалар ўтказишолмайди. Чунки иқтисодчиларнинг ўрганиш объекти инсоннинг хулқ-атворидир. Айниқса тузум тури ва иқтисодий ўсиш каби масалаларда тажриба ўтказишнинг асло имкони йўқ. Шунинг учун демократиялашув ва ўсишнинг статистик корреляцияси бизга сабабий боғлиқлик тўғрисида ҳеч нарса айтолмайди.

Яъни, Робрет Барроу демократиялашув ва ўсиш ўртасидаги ўзаро боғлиқликни топа олмаганлиги, бу сабабий боғлиқликлар мавжуд эмаслигини англатмайди ва шу билан бирга, мавжудлигини ҳам. Шунинг учун ҳам Ажемоглу ва ҳаммуаллифларнинг ишлари методологик нуқтаи назардан муҳимдир. Улар боғлиқликни эмас, балки айнан сабабий боғлиқликларни кўрсатади. Уларнинг натижалари мамлакатни демократиялашув мамлакат автократик ҳолатига нисбатан аҳоли жон бошига даромадни 20 фоизга оширишини кўрсатмоқда.

Олдинроқ айтганимдек, иқтисодчилар одамлар устида тажриба ўтказа олмайдилар. Бунда табиий савол туғилади, Ажемоглу ва ҳаммуаллифлар тажриба ўтказишмаган бўлишса, қандай қилиб демократиялашув ўсишнинг таъсири эмас, балки сабаби деб таъкидлашлари мумкин?

Илм-фандаги сабабий муносабатлар одатда тажрибалар ёрдамида қандай ўрнатилади?

Буни тиббиёт мисолида тушунтиришга ҳаракат қиламан. Тадқиқотчилар дори ёки эмлаш воситасининг таъсирини билмоқчи бўлганларида, улар етарлича кўп одамларни танлайдилар, сўнг уларни икки гуруҳга ажратадилар: назорат гуруҳи ва экспериментал гуруҳ. Экспериментал гуруҳ ҳақиқий дори ёки вакцинани, назорат гуруҳи эса пуч дорини олади. Тажриба натижаларига кўра, тадқиқотчилар дори ёки вакцинанинг таъсирини назорат ва экспериментал гуруҳлар фаолиятини таққослаш йўли билан ўлчайдилар. Агар иштирокчилар гуруҳларга ажратилмаса, унда бошқа воситалар эмас, балки айнан дори ёки эмлаш соғлиққа таъсир қилган деб аниқ айтиш мумкин эмас. Масалан, коронавирусга қарши эмлашлар самарадорлиги шу тарзда синовдан ўтказилди. Битта гуруҳга ҳақиқий дори, бошқасига эса плацебо (тўғридан-тўғри таъсири бўлмаган дори воситаси) берилди. Таъсирни текшириш учун ушбу икки гуруҳни таққослаш керак.

Худди шу тарзда, иқтисодиётда интервенциялар самарадорлигини аниқлаш учун тажрибалардан фойдаланилади. Аммо тузумларнинг турига оид масалаларда тажриба ўтказиш мумкин эмаслиги сабабли, иқтисодчилар «табиий тажрибалар» деб аталувчи ҳодисаларни кузатишади — яъни, бу тайёрланган тажриба каби кўринадиган интервенциялар. Масалан, АҚШнинг бир штатида энг кам иш ҳақига доир қонунчилик ўзгартирилганда, иқтисодчилар «экспериментал» штатдаги ҳудудларни (қонунчилик ўзгартирилган жойда) ва «назорат» штатидаги қўшни ҳудудларни (шу каби янги қонун қабул қилинмаган қўшни штат ҳудудларини) таққосладилар ва меҳнат қонунчилигининг ишсизлик даражасига сабабчи таъсирини аниқлай олдилар.


Пенсильвания ва Нью-Жерсидаги тадқиқотчилар ўрганган жойлар харитаси. Минимал иш ҳақи Нью-Жерсида 1992 йилда 4,25 доллардан 5,05 АҚШ долларигача кўтарилган. Пенсильванияда эса 4,25 доллар бўлиб қолди, бу деярли «табиий тажриба» ўтказишга имкон берди.

Квазиэкспериментал таҳлилнинг яна бир мисоли инструментал ўзгарувчилар усули (рус тилида яхши видео) деб номланади. Ушбу усул корреляция ёрдамида ўзгарувчиларнинг боғлиқлигини аниқлашнинг иложи бўлмаган муаммоларни, яъни нима нимага таъсир қилиши аниқ бўлмаган муаммоларни (машҳур товуқ ва тухум муаммоси) ўрганиш учун қўлланилади.

Демократиялашув иқтисодий ўсишга олиб келадими ёки ушбу иқтисодий ривожланиш демократиялашувга олиб келадими деган савол ҳам юқорида кўрсатилган жанрдан келиб чиқадиган муаммо. Ажемоглу ва ҳаммуаллифларнинг ишидаги янгилик — бу ўзаро боғлиқликни ўрнатиш учун инструментал ўзгарувчи усулидан фойдаланишдир.

Инструментал ўзгарувчилар усули қандай ишлайди?

Айтайлик, тадқиқотчи фастфуд истеъмол қилиш ва одамнинг соғлиги ҳолати ўртасидаги сабабий муносабатни баҳоламоқчи. Соғлиқни сақлаш ва фастфуд маҳсулотларини истеъмол қилиш ўртасидаги ўзаро боғлиқлик айнан фастфуд соғлиқнинг ёмонлашуви сабаби эканлигини айта олмайди. Чунки соғлиққа ҳам, фастфуд истеъмолига ҳам таъсир қиладиган бошқа ўзгарувчилар бўлиши мумкин.

Масалан, даромади кам одам кўпроқ фастфуд истеъмол қилиши мумкин, бундай ҳолда айнан фастфуд унинг соғлигига зарар етказади деб айтолмаймиз. Эҳтимол, кам даромад бу одамга етарли тиббий ёрдам кўрсатилишига ёки экологик тоза жойда яшашга тўсқинлик қилиши мумкин. Яъни, фастфуд истеъмол қилиш ва соғлиқ ҳолати ўртасидаги статистик боғлиқликни кўриб чиққанимизда, хулоса чиқаришга ҳаққимиз йўқ.

Бу муаммони ҳал қилиш учун биз фақат фастфуд истеъмол қилишга таъсир қиладиган ва соғлиққа таъсир қилмайдиган ўзгарувчини топишимиз керак. Шунда иқтисодий тадқиқотларда «инструмент» деб номланган янги ўзгарувчи фастфуд истеъмол қилиш ва соғлиқ ҳолати ўртасидаги сабабий боғлиқликни топишга ёрдам беради. Айтайлик, биз уйдан энг яқин фастфудгача бўлган масофани ҳисоблайдиган ўзгарувчини жорий қилдик. У бизнинг тенгламамизда «инструмент» бўлиб хизмат қилиши ва саволимизга жавоб беришда ёрдам бериши мумкин. Масофа фастфуд истеъмол қилиш частотасига катта таъсир кўрсатиши, аммо инсон саломатлигига бевосита таъсир қилмаслиги сабабли, бу ўзгарувчи жуда яхши «инструмент» бўлиши мумкин.

Шуни таъкидлаш лозимки, медиа майдонда баъзи дорилар ёки маҳсулотларнинг соғлиққа таъсири бўйича олиб борилган оммабоп тадқиқотлар натижаларининг аксарияти ишончли эмас ва улар кўпинча сабабий боғлиқликга эмас, балки корреляцияга асосланганлиги учун рад этилади.

Энди яна демократиялашувга қайтамиз. Ажемоглу ва ҳаммуаллифлар модулининг «инструменти» қўшни мамлакатларни демократиялашувидир: бу манба мамлакатда иқтисодий ўсишга таъсир қилмайди, лекин демократиялашувга таъсир қилади. Шунинг учун, бу ўзгарувчи етарлича яхши «инструмент».

Демократиялашув ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги сабабий боғлиқлик

Уч хил усулдан, шу жумладан инструментал ўзгарувчан усулидан фойдаланган ҳолда, муаллифлар демократиялашув одамлар даромадларини узоқ муддатда 20 фоизга кўпайтиради деган хулосага келишди. Машҳур судья ва адвокат Ричард Познернинг камбағал мамлакатларда диктатура жамиятни ташкил қилишнинг демократиядан кўра самаралироқ усули эканлиги ҳақидаги машҳур фикри ҳам ўз тасдиғини топмади. Яъни, ҳатто жуда камбағал мамлакатлар демократиялашувни амалга оширганда ҳам уларнинг даромадлари ошади.

Ажемоглу ва ҳаммуаллифларнинг тадқиқотлари нашр этилган вақт жуда қизиқ. Дунёни фаровонлик ва тараққиётнинг мисли кўрилмаган тарихий ўсишига олиб келган демократия, глобаллашув, сўз эркинлиги ва бошқа муҳим ғоялар сўнгги беш йилда унчалик машҳур эмас. Айниқса ривожланган ва демократик мамлакатларда.

Албатта, истисносиз барча ривожланган мамлакатлар демократик давлат ва жуда очиқ иқтисодиётга эга, аммо барибир глобаллашув, эркинлик ва демократия ғоялари тобора машҳурлигини йўқотмоқда. Нима учун бу нарса содир бўлаётганини изоҳламоқчи эмасман, буни тушунтириш учун иқтисодий адабиётда ҳам аниқ хулоса ҳали шаклланмаган. Аммо психологияда олимлар бу тенденция учун жуда ишончли тушунтиришлар бериб, инсон хотираси жуда узоқ эмаслигини таъкидламоқдалар.

Эркинлик инсониятни ривожланган ва бой қилганлиги кўпинча унутилади ва бу табиийдир. Хулоса шуки, муҳим ғоялар кейинги авлодлар томонидан доимий равишда қайта кўриб чиқилади.

Шунинг учун Ажемоглу ва ҳаммуаллифларнинг мақоласи жуда муҳим ва долзарбдир. Бу бизга инсоният томонидан умумэътироф этилган демократик қадриятларга янгича қарашга ёрдам беради. Демократиялашув ва эркинлик учун курашган, уларни ҳаётларининг асосий мақсади деб билган ўтмишдаги одамларнинг фикрлари энди замонавий мунозаларга бу қадар кучли таъсир кўрсатмаяпти. Замонавий жамият ҳам демократиянинг аҳамиятини қайта кўриб чиқиши керак. Баъзи жамиятларда бу жараён янада оғриқли.

Мақолада демократиялашув жараёни фаровонликни яхшилаши ва агар даромадларни кўпайтиришни жамият учун етарлича эзгу мақсад деб билсак, демократиялашув ҳеч бўлмаганда ушбу мақсадга эришишга ёрдам беради. Камбағал ва ривожланаётган мамлакатлар учун бу натижалар янада муҳимроқ бўлиши мумкин, чунки аксарият камбағал мамлакатлар демократик давлатлар эмас.

Менимча, Ўзбекистондаги ҳозирги ислоҳотлар нуқтаи назаридан сиёсий ислоҳотлар ҳақида гапириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Биз узоқ вақтдан бери иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириб, аста-секин демократиялашувга яқинлашамиз деб ўйлаймиз.

Аммо гап шундаки, маълум бўлишича, демократиялашув ёки сиёсий ўйин қоидаларини ислоҳ қилиш ҳам моҳиятан иқтисодий ислоҳотдир. Иқтисодий адабиётларда нафақат демократик давлатлар аста-секин, узоқ муддатда ўсиб бориши, балки демократиялашув ўсишнинг натижаси эмас, айнан сабаби эканлиги ҳам кўрсатилади. Барчамиз иқтисодий ўсишни хоҳлаётганимиз сабабли, демократиялашув бу мақсадга эришишда ёрдам беради.

Мақолани диққат билан ўқилса, даромадларнинг 20 фоизга ўсиши муваффақиятли демократиялашувдан 25 йил ўтгач пайдо бўлиши кўрсатиб ўтилган. Бу, агар Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг дарҳол демократлашганида, биз ҳозирги кунга қараганда 20 фоизга бойроқ бўлишимиз мумкинлигини англатади…


Вақтинчалик шкала бўйича демократиклаштиришдан олдин ва кейин аҳоли жон бошига ЯИМ ўсишининг графиги. Манба: Ажемоглу, Найду, Рестреппо, Робинсон.

Шунинг учун, агар биз демократиялашув жараёнини ҳозирдан бошласак, бизнинг даромадимиз 25 йилдан сўнг кўпаяди. Албатта, 25 йил — бу узоқ муддат, аммо ҳозир бошланмаса, бу муддат барбир қисқармайди. Муваффақиятли демократиялашув ҳолатида бу йил туғилган болалар чорак асрдан кейин анча обод ва энг муҳими, эркин мамлакатда яшашлари мумкин. Менимча, бу жуда эзгу мақсад.

Сўз якунида. Конституциямизда демократия ҳам асосий тамойил сифатида белгиланган. Шунинг учун мен «демократиялашув» нима эканлигини муҳокама қилишни Конституциямизнинг тавсифловчиларига топшираман. Мақолам билан мен шуни айтмоқчиманки, агар ушбу тамойилга амал қилинса, унда иқтисодий ўсишни ҳам тезлаштириш мумкин. Менимча, win-win.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Беҳзод Ҳошимов — иқтисодчи, Мэдисондаги (АҚШ) Висконсин университети бизнес-мактабининг докторанти. 2016 йил май ойидан буён Вайнарт тадбиркорлик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Висконсин университетининг иқтисодиёт магистри ва Нанянг технологик университетининг (Сингапур) математика бакалаври даражасига эга.