2021 йил сентябрь ойига қадар Самарқанд шаҳрида тезюрар автобус линиясини ишга тушириш режалаштирилмоқда. 12 километрлик узоқликдаги линия учун Хитойдан катта сиғимга эга автобуслар сотиб олиниши кўзда тутилмоқда, дея хабар берди ZarNews.

Линия «Хазора» автобекатидан «Сиёб» (Каптархона) гача чўзилиб, у Спитамен, Мирзо Улуғбек кўчалари, Университет хиёбони, Регистон майдони ва Панжикент кўчаси бўйлаб ҳаракатланади.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Қоржововнинг маълум қилишича, лойиҳа президент Шавкат Мирзиёвнинг буйруғига кўра ишлаб чиқилмоқда ва 2021 йил Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Линияга 16 метр узунликка эга 24 та янги автобус қўйилиши режалаштирилган. Шундай бўлсада, хабарда Хитойдан 100 та автобус сотиб олиниши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ҳам тезюрар автобуслар линиялари йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди.