Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида пойтахтда оммавий равишда кўп қаватли янги уйлар қурилаётганига қарамасдан, уларнинг нархи нега пасаймаётганига оид саволга изоҳ берди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Аввалроқ шаҳар ҳокими маҳаллий депутатларга мурожаатида 2020 йилда 125 та 8444 та хонадонга (595 минг кв.м) эга кўп қаватли уйлар қурилганини маълум қилган эди.

«Кўпчилик ҳамма ёқ қурилиш, қум ва чанг бўлиб кетди, деб норози бўлди. Агар бугунгача Тошкентда оммавий қурилишларни қилмаганимизда бугунги нархлар ҳам бўлмасди. Биз икки ярим — уч йил аввал ўтириб, яқин орада уйларнинг нархи 1 квадрат метрга 1500 доллардан [матбуот анжуманидан сўнг ушбу суммага „Газета.uz“ мухбири аниқлик киритган] кам бўлмаслигини прогноз қилганмиз. Хабарингиз бўлса, шаҳарда уйларни 2−3 та компания қурарди. Уйларни ҳам сотиш офислари бўлмас эди, қанақадир таниш топишингиз керак эди. Қайсидир офисларга чиқардингиз, тортмани очарди, „50 фоизини қўйинг, битганда оласиз“, дерди — 3 йил олдин», — деди ҳоким.

У, шунингдек, ўтган давр мобайнида савдо офислари пайдо бўлгани ва хизмат сифати кескин ошгани, 3 йил ичида бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилганига тўхталиб ўтди.

«Айтмоқчиманки, қурилишни ўз вақтида жадаллаштирганимиз учун шу нархлар бор. Агар Тошкент шаҳрида қурилишни тўхтатиб қўйсак, нархлар кескин ошиши кузатиларди. Яъни дефицит пайдо бўлиб, ҳам „прописка режими“ бекор қилингани ҳисобига нархларнинг кескин ошишни бошлар эди. Шунинг учун биз бугун тезда катта-катта лойиҳаларни қилишга мажбур бўлмоқдамиз. Ва бунинг олдини олиш мақсадида қилишимиз керак. Чунки уйлар қимматлашгандан кейин, яъни камроқ даромат топадиган фуқароларимиз уй сотиб олиш даражаси кундан-кунга кескин камайиб кетади», — деб қўшимча қилган ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев юқоридагилардан келиб чиқиб, лойиҳаларни жадал амалга ошириш, шунингдек, зарур инфратузилмани шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2019 йилнинг мартидан 2020 йилнинг мартигача бўлган даврда кўп қаватли уй-жойларнинг нархлари таҳлилига кўра, Тошкентда уй-жойларнинг 1 кв. метри ўртача қиймати 639,4 долларни ташкил этган. Туманлар бўйича энг юқори нарх Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида — мос равишда 699 ва 694 долларни ташкил этган. Энг паст нархлар эса Бектемир ва Сергели туманларида — 405 ва 411 долларни ташкил этган.