Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Aмрилло Иноятов бошчилигидаги делегация Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Қадамжай тумани Марказий туман касалхонасига ташриф буюрди. У Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Aлимкадир Бейшеналиев билан шифохонанинг очилиш маросимида иштирок этди.

Замонавий шифохона қурилиши ва жиҳозланиши тўлиқ Ўзбекистон томонидан молиялаштирилди ва қисқа муддатларда фойдаланишга топширилди. Шифохона 200 ўринли бўлиб, зарур тиббий жиҳозлар ва мебеллар билан тўлиқ жиҳозланган.

Aлимкадир Бейшеналиев юқумли касалликлар шифохонасининг қурилиши, унинг жиҳозланишида кўрсатилган амалий кўмак ва тақдим этилаётган гуманитар ёрдам учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди.