Душанба ва сешанба кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво шароитини дам олиш кунлари Республикага кириб келган қуруқ ва деярли совуқ антициклон ҳаво массалари белгилайди. Барча вилоятларда об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда, кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин, дея хабар берди Ўзгидромет.

Ҳаво ҳарорати кечалари 0−5 даража совуқ, кундуз кунлари 0−5 даража илиқ атрофида, баъзи жойларда 7 даража илиққача бўлади.

23 декабрда Кавказ ҳудудларидан кириб келган бироз нам ҳаво массалари республика ҳудудлари бўйича силжийди. Республика ҳудудларининг кўп қисмида ёғингарчиликсиз булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат марказий ҳудудлар бўйича баъзи жойларда бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.

24−25 декабрда Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан илиқ ҳаво массалари кириб келади. Ҳаво ҳарорати кўтарилади ва иш ҳафтасининг охирига келиб, кундуз кунлари ҳаво 7−12 даражагача исийди.

Ҳудудларнинг кўп қисмида шу кунларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Фақат, республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига 25 декабрда жанубий циклон кириб келиши бошланади, бунинг ҳисобига Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида асосан ёмғир кўринишидаги бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин.