Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов 20 декабрь санасидан ўз лавозимига тикланди. Буни «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлади. У бунга қадар хизмат текшируви ўтказилаётгани сабаб 2 декабрдан вақтинча ишдан четлатилган эди.

11 декабрда Жасур Фозилов Шавкат Мирзиёев ва президент администрацияси раҳбарига видеомурожаат йўллаб, хизмат текшируви аслида бош прокурорга алоқадор бўлган Mustahkam Qurilish Development қурилиш компанияси вакилини сўроқ қилишга чақириши ортидан бошланганини айтган эди.

Шундан сўнг, Бош прокуратура муносабат билдириб, ҳолат ва прокурорнинг важлари ўрганиб чиқилиши ҳамда хабар берилишини қайд этганди. Қолаверса, мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Республика идоралараро комиссияси тузилиб, хизмат текшируви Президент администрацияси бошчилигида ўтказилиши маълум қилинган эди.

Жасур Фозилов ўзининг ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган навбатдаги видеосида прокурор сифатида давлат раҳбарига адолатни тиклаш учун мурожаат қилишга мажбур бўлганини қайд этган эди. У Республика идоралараро комиссияси ўзининг ноқонуний босим тўғрисидаги далилларини ўрганиш мақсадида президент ташаббуси билан ташкил этилгани ҳақида гапириб, бунинг учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирган. Прокурор, шунингдек, ватан манфаати ва қонун устуворлигини учун охирги нафасигача ишлашга тайёрлигини маълум қилган.

Комиссия қарори билан танишиб чиқиб, у кўтарилган масалалар адолатли ва объектив ўрганилганини айтади. Шу билан бирга, комиссия прокурор жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим бўлган камчиликлар борлигини ҳам тасдиқлаган.

Прокурор ўз мурожаатида қайд этиб ўтган алоҳида масалалар фуқаролик суди томонидан кўриб чиқилади. Комиссия Жасур Фозиловдан шикоят қилган тадбиркорлар бош прокурор номи билан иш қилганини аниқлади.