Блогер Нозим Сафаров телеграм каналида ўзини Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов дея таништирган шахсга тегишли уч қисмдан иборат видео мурожаатни эълон қилди.

Видеода прокурор ҳозирда унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани ва аниқланган барча қонунбузилишлар бўйича жавоб беришини айтган. Шунингдек, у бош прокурор ва унинг уч ходимига алоқадар жиноятларни фош этмоқчилигини, улар Mega Bukhara савдо мажмуаси (эски номи «Крытый рынок») қурилишига бевосита алоқадор эканини таъкидлаган. У бу объектни америкалик инвесторлар эмас, балки маҳаллий тадбиркорлар қураётгани, унга кетган ҳаражат 1 трлн сўмга етиши ва халқнинг ёнидан қопланаётганини айтган.

Прокурор ҳолат бўйича фактларни фақат президент администрацияси раҳбари текширишини, бошқа идоралар аралашмаслигини сўраган. Унинг айтишича, Бош прокуратура раҳбарияти унга: «қўллаб-қувватловчиларинг кетди, энди нима қила оласан», деб айтган. Бухоро прокурори Ўктам Исаевич (бош вазирнинг собиқ ўринбосари) ва Карим Жамоловични (Бухоро вилояти собиқ ҳокими) эсга олиб, улар тирик бўлганида, бош прокурор вилоятга яқинлаша олмаслигини таъкидлаган.

Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот берди. Унда Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилаётгани айтилган.

Тадбиркор аризасида шаҳар прокурорининг тазйиқи билан Бухоро шаҳрида қурган йирик савдо мажмуасидан 1 метр кв.ни ҳақиқий нархи 20 млн сўм бўлган савдо дўконини унга 5 млн сўмдан сотгани келтирилган. Прокурор орадан бир йил ўтиб, шу йилнинг октябрида ўша нархдан яна битта дўконни сотишини талаб қилгани ва рад жавобини олгач, тадбиркорни терговга чақириб, жавобгар қилиш билан қўрқитгани айтилмоқда.

«Ушбу ҳолат бўйича Ж.Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида у 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилинган. Текшириш давомида аризада келтирилган барча важлар, шу жумладан, Ж.Фозиловнинг 2020 йил 11 декабрь куни ижтимоий тармоқлардаги баёнотида билдирган ҳолатларга тўлиқ ва ҳаққоний баҳо берилади», — дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Қолаверса, Бош прокуратура мурожаат ва баёнотда билдирилган барча масалалар бўйича шаффоф ва ошкора ўрганиш ўтказиши, бунда жамоатчилик назоратини таъминлаш учун доимий ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилган.

Прокурор Жасур Фозилов бир соатдан ошиқроқ видео давомида барчаси нимадан бошлангани, хизмат текшируви нима сабабдан ўтказилаётгани ва бош прокурор алоқадорлиги айтилаётган жиноий ишлар ҳақида батафсил сўзлаб берган.

«Шаҳар прокуратураси иш юритувида пулларни нақдлаштириш билан шуғулланувчи фирмаларга нисбатан жиноят иши тергов қилиниши даврида мен терговчим Санжар Ўриновга айтганман, 10 млрд сўм солиқларни яширган ҳолати бор эди. Шу бўйича ким муносабат қилган бўлса, миллиард сўмдан кўп «оборот» қилганларнинг ҳаммасини чақирасан. Кимлар нақдлаштириб олган бўлса, ҳаммасини жавобгарлик масаласини ҳал қиласан ва бу фирманинг ҳақиқий эгасини топ. Шу чақирилганлар орасида «Крытый бозор»ни [собиқ «Дилкушо» бозорининг халқ тилидаги номи] қураётганлар бор», — деди Фозилов.

Унинг айтишича қурилиш компанияси вакиллари неча марта чақирса ҳам келмаган. Шаҳар прокурорига қўнғироқ қилиб, унинг ўзи билан учрашиш истагини билдирган, лекин бирор марта бормаган. Фозилов 10 маротаба қўнғироқ қилиб учрашишни таклиф қилгани, бироқ келмагани, суҳбатларнинг барчаси ёзиб олинганини айтди.

«Келмаганидан кейин терговчи мажбурий келтириш тўғрисида қарор бераяпти. ИИБ ходимлари мажбурий келтиришга борганида сал хато қилгандир, юр олиб кетаман деб. Шундан жанжал бошланди. Улар менга 20 маротаба телефон қилган. Мен олмаганман. Вилоят прокурорига ҳам чиққан. Қайтариб телефон қилиб чиқсам, „сен нима қилаяпсан, ўзингдан кетиб, нима ҳаққи бор буларни“, деди. Пулни ёки товарни олган бўлса, кимдан олган, қаердан олган, чунки бунинг на омборхонаси бор, ўзи бир сохта фирманинг раҳбари, ҳаммаёғи жиноят бўлса, бирон нарсани тушунмайди. Анвар деган „катта“ менга айтаяпти: „сен аралашма, нега аралашасан, бугунни ўзида ҳамма видеоларни олиб бориб, бош прокурорга кирамиз“, деди. Кейин вилоят прокурори менга: „нимага шуни чақирасизлар? Биласизлар-ку бунинг орқасида ким эканини. Сенга муаммо керакми? Бош прокурорнинг одами булар, сени йўқ қилиб юборади-ку“, деб телефон қилди. Бўпти, чақирма уларни, дедим. Ўзим ҳам шу куни кечки пайт телефон қилдим-да, Анвар деган раҳбарига бўлди келмайди, гап бўлиши мумкин эмас, дедим», — дея сўзлаб берди.

Унинг таъкидлашича, тадбиркорлар бош прокурор билан муносабатлари қанчалик яхши эканини ўзи ҳам билишини, олдин ҳам бу ҳолат бўлгани ва юқоридаги барча телефон суҳбатлари ёзиб олинганини айтди.

Фозилов олдинги ҳолатга тўхталар экан, бош прокурор бошчилигида ўтказилган селекторда Бухоро шаҳрига эътибор қилгани, «сиёсий тус» бериб, 4,5 минг ишчи ўрни яратмоқчи бўлган тадбиркорга кредит берилмагани танқид қилганини айтди. Таъкидланишича, бош прокурор «шаҳар прокурори қаерда, нимага бунинг мурожаатини эшитмайди», деган. Аслида эса Фозилов тадбиркор умуман мурожаат қилмаганини ва селекторда бош прокурор «мен ҳал қилиб бердим 30 млрдни» деганини маълум қилмоқда.

«Менинг секторимда бу объект. Штабга борганда Зоир билан кўришаяпмиз, «сен нимага бизга қилмасдан, генеральный`га боряпсизлар», дедим. У: «йўқ, «генеральный`ни ўзи айтган бизга. Шундай ариза ёзинглар, мен ҳал қилиб бераман, [кредит] паст фоиз билан деди. Фақат менгамас, президент номига, ҳаммасига ёзасанлар деди.Ниғматилла акамиз: ўзим ҳал қилиб бераман деди, биз шунга ёздик», деди. Менда ҳозир ўша аризанинг нусхаси бор», — дея баён қилди.

Фозиловнинг видеода айтишича, Зоир икки ой ўтгач «акам қилиб берди, унинг ҳам ўз ҳиссаси бор», деган. Бир мунча вақт ўтгач, штабдаги йиғилишда шаҳар прокурори Зоир ва унга яқин шахслардан узр сўраганини, қўл остидаги ходимлар хато қилиб қўйганини айтган.

Фозилов Бош прокуратурада ишлагани ва президентга ахборот қай тарзда киритилишини яхши билишини баён қилган. Айтишича, президент администрациясига «ўз жиноятини яшириш учун видео мурожаат қилаяпти», деб ҳисобот киритилади. Прокурор қилган ишлари учун жавоб беришини ва аслида бош прокурор алоқадор жиноятларни фош этиш учун мурожаат йўллаётганини таъкидлаган.

«Шунинг учун шахсан Зайнилобиддин акага мурожаат қилаяпман. Чунки бу инсонга ишонаман. Зайнилобиддин ака ўзлари келиб текширишлари керак, мен бош прокурор ҳақида гапираётган бўлсам, бошқа одамни текширишга ҳам ҳаққи йўқ», — деди.

Фозилов укаси ва тоғасига савдо мажмуасидан 1 метр кв.ни 5 млн сўмдан олиб берган ҳолатга ҳам тушунтириш бериб ўтган.

«Ростдан ҳам биттаси 5 млн, яна бошқаси 10 млнга олинган. Биттасини укам, биттасини тоғам олган. Агар улар бўйича мени айбим ёки арзон бўлса тўлайди», деди. У, шунингдек, бош прокурор ўз жиноятларини яшириш учун унга тазйиқ қилаётгани ва бунга чидаб тура олмаслигини айтган.

Унинг қўшимча қилишича, мансабдорлар тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳақида Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими Ўктам Барноев топшириқ берган.

«Вилоят ҳокими Ўктам Исаевич [Ўктам Барноев — 2019 йилда вилоят ҳокими бўлган] келди, бозорни реконструкция қилаяпмиз, битта томонидаги девори очиқ жойни кўрсатиб, „Каромат [Бухоро шаҳар ИИБнинг собиқ бошлиғи], Анвар, Жасур дарвоза қурасан учаланг, мен қўл қўйиб бераман қарорга“, дедилар. „Биз қура олмаймиз, мумкин эмас. Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор“, дедик. „Мен жавоб бераман, президент келганида мен айтаман, пора олгандан кўра, мансабдорлар тадбиркорлик билан ҳам шуғуллансин, ўша ердан фойдалансин“, деди», — дейилади видеомурожаатда.

Шундан сўнг, у ўз укаси ва тоғасини қуриш ишларига жалб қилганини маълум қилди. Бундан ташқари, Фозилов собиқ «Дилкушо» бозоридаги (ўрнида савдо мажмуаси қурилган) мингдан ортиқ тадбиркорлар жойидан ажралиб қолгани, уларга компенсация сифатида янги объектнинг «С» блокидан жой берилиши айтилгани ва амалда бу бажарилмаганини қайд этди. Маълум қилинишича, тадбиркорлар янги йирик савдо мажмуасидан жой олишга яна 5 млн сўмдан тўлов қилишга ҳам мажбур қилинган ва уларга 4−5- қаватдан жой берилган. 1-қаватдаги дўконлар эса қимматроқ нархда сотилган. Фозилов айни шу ҳаракат орқасидан топилган пуллар нақд қилиб олингани учун текширув ўтказишни бошлаганини ва бош прокурор бунга рухсат бермаганини айтди. У ҳозирга қадар «қурилиш тугаса бўлади», деб алдашгани, оқибатда барибир халқ кўтарилиши ва норозиликлар юзага келишини маълум қилди.

Бухоро прокурори Жасур Фозилов юқоридаги ҳолатларни, бош прокурорга оид жиноятлар ҳақида сўз борган бир пайтда, президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов шахсан текширишини сўраган.