ХТВ матбуот хизмати хабарига кўра, «Пандемия даврида соғлиқни сақлаш, овқатланиш, сув, санитария, гигиена ва соғлом турмушни яхшилаш ҳамда ёшларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали Қорақалпоғистоннинг барқарор келажагига сармоя киритиш» лойиҳаси доирасида 3,5 миллион АҚШ доллари ажратилади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде билан ушбу лойиҳанинг аҳамияти муҳокама қилинди.

Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасидаги Мўйноқ, Бўзатов ва Қўнғирот туманларининг 15 та мактабларида сув, санитария ва гигиена шароитларини яхшилашни кўзда тутади.

Ушбу мактабларда ўғил ва қиз болалар учун замонавий ҳожатхоналар ва ювиниш хоналари, мактабларни чиқиндилардан тозалаш шароити барпо этилади. Мактабларда, сув насослари ва иситгичлар инновацион технологияларини жорий этиш орқали қишлоқ аҳолисининг ҳам қайта тикланадиган энергия манбалари билан таъминланиш имконияти яратилади, дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида 20 та тиббиёт муассасаларида сув таъминоти, санитария ва гигиена инфратузилмаси яхшиланади, телемедицина ва лаборатория ускуналари ўрнатилади, тиббиёт ходимларини онлайн ўқитиш тизими такомиллаштирилади. Ёшларни тадбиркорликка ўқитиш ва маҳаллий ҳамжамиятларда 40 та инновацион ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.