Шанба куни оппозицион журналист, Amad News Telegram канали ва янгиликлар портали раҳбари Рухолла Зам дорга тортилди, дея хабар берди Mehr News. У 2017 йил декабрь ва 2018 йил январь ойларида Эронда бўлиб ўтган намойишларни фаол ёритган эди.

Жорий йилнинг июнь ойида Эрон суди Рухолла Замни «Ердаги коррупция»да айбдор деб топиб, ўлимга ҳукм қилган эди. Ушбу айблов Эронда асосан айғоқчилик билан шуғулланган ёки ҳукуматни ағдаришга ҳаракат қилган шахсларга нисбатан ишлатилади.

Зам бир неча йил Францияда истиқомат қилган, 2019 йил октябрь ойида эса Эрон махсус хизматлари томонидан қўлга олинган.