Ижтимоий тармоқларда «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЖЧ директори Шуҳрат Сотволдиев имзолаган хат тарқалди. Унда президент топшириғи ва бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов тасдиқлаган ҳужжатга ишониб, Ёшлар Иттифоқи учун Жиззах вилоятида 14 млрд 343 млн сўмлик бинони деярли ўз ҳисобидан қургани қайд этилган.

«Шундан сал кам 9 млрд сўмини ҳали олганим йўқ. Ёшлар иттифоқининг раҳбарлари мени бир ярим йилдан бери сарсон қилиб, адои тамом қилди. Бор будимдан айрилиш арафасида турибман. Ўзимни ўзим ўлдириш даражасига етиб келдим. 15 декабрь куни тонгда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси олдида очлик эълон қиламан. Иттифоқ пулимни сўнгги тийинигача бермагунича овқат ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. Мени ортимда турган 300 дан ортиқ оилалар ҳаққи-ҳурмати бу ноҳақликлардан ўлимга ҳам тайёрман», — дейилади хатда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мазкур масала юзасидан муносабат билдирди. Унда қайд этилишича, қарзнинг бир қисми тўлаб берилган.

«Шу кунга қадар «Ёшлар қурилиш инвест» МЧЖнинг «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ олдидаги қарздорлигининг жами 7,9 млрд сўм қисми Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан қоплаб берилди. Яна 1,5 млрд сўм қисми эса Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан ажратилди [02.12.2020 ҳолатига]. «Ёшлар қурилиш инвест»нинг қурувчи олдидаги жами қарздорлигининг 9,4 млрд сўм қисми қопланди [бир ой олдин 5,6 млрд сўм эди]», — дейилади хабарда.

Иттифоқ, шунингдек, бунга қадар тегишли мутахассислар иштирокида «Ёшлар қурилиш инвест» фаолияти бўйича ўрганиш ўтказилганини маълум қилган. Таъкидланишича, аудит текшируви натижасида қатор молиявий камчиликлар аниқланган ва улар бўйича МЧЖ масъул ходимларидан тушунтириш хатлари олинган. Ушбу масала коллегиал орган муҳокамасига киритилиши белгиланган.

«Биз қурувчининг иш ҳақини олиши тарафдоримиз. Қурувчи иш ҳақини ўзи сўраган муддат ичида тўлиқ олади. Шу билан бир қаторда, бюджет маблағини ҳам мақсадли ажратилишига биринчидан қонун олдида, иккинчидан виждон олдида жавоб бериш масъулиятини ҳис қилган ҳолда, юқоридаги масалани охирига етказамиз. Лекин муаммонинг шу даражага келиб қолишига сабабчи бўлган ва бугун ҳеч кимнинг кўзига кўринмасдан, ўз манфаати йўлида „сувни лойқалатаётганлар“, албатта, қонун олдида жавоб беради», — дейилади ташкилот ахборот хизмати хабарида.