Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримовнинг UzAuto Motors монополиясига қарши курашиш ҳақидаги фикрларига муносабат билдирди.

Аввалроқ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов UzAuto Motors монополиясига қарши курашишнинг ягона йўли — кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтириш дея таъкидлаган эди.

«Бошидан буён такрорланиб келаётган фикр айнан шу. Йўналиш ҳам айнан шу: Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги орқали айнан шу рақобат муҳитини шакллантириш устида ишланмоқда, тайёргарлик кўрилмоқда. Шу фикрга келиш учун шунча шовқин, шунча популизм… Кимлардир машҳурроқ бўлгандир, Ўзбекистон ютмади», — деди Алишер Қодиров.

ЎзА мухбири у билан боғланиб, кимларни популист деб атагани ва нимада Ўзбекистон ютқазганига ойдинлик киритган. Алишер Қодировнинг таъкидлашича, хориждан автомобил олиб келишни таклиф қилаётган «халқпарвар"лар нафақат сиёсатни, балки иқтисодиётни ҳам тушунмайди.

«Минтақада автосаноатни шакллантириш учун озмунча меҳнат қилинмади. Бизнес талаблари ўз вақтида бу лойиҳани фойда келтирмайди, деб ҳисоблаган. Тўлов қобилияти паст бўлган давлатларда автосаноат яшаб кетолмайди. Автосаноат давлатларни ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам интеллектуал кучли қиладиган тармоқ. Кучли давлатлар бу тармоқни инқироз пайтларида бекорга қўллаб-қувватлашмайди. Масалан, Россияда энг оғир иқтисодий инқироз ҳолатида ҳам „АвтоВАЗ“ йўқ қилиб юборилмади. Буни тушунган тушунади. Ўзбекистонда автосаноатни йўқ қилиб, хориждан автомобиль олиб келишни йўлга қўйишни „халқпарвар“ таклиф сифатида илгари сурганлар нафақат сиёсатни, балки иқтисодни ҳам тушунмаса керак», — деди қуйи палата спикери ўринбосари.

Қодиров: «Одамларга яхшилик қилаётгандек кўринаётган бу ғоялар остида Ўзбекистонга ёмонлик ётибди. „Дунёни қаерида яшасам ҳам қорним тўқ бўлса бўлди“, деб яшайдиган космополитик қараш эгаларига бу масала, албатта, кулгилидир. Ўзбекистондаги монополияларнинг ҳаммаси, жумладан, „Ўзавтомоторс“ ҳам Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлганидан кейинги очиқ ва кучли рақобатга тайёр бўлиши керак. Бунинг учун жуда кўп йиғилиб қолган муаммолар бартараф этилаётганини кўриб турибмиз. Йиллаб йиғилган масалалар бир неча йилда ҳал бўлиб қолмайди. Олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ҳам шунда», — дея қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» ўз манбасига таяниб, 12 октябрда ўтказилган йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов қўмита раиси Нажмиддинхўжа Шариповни танқид қилиб, қўмитанинг UzAuto Motors компаниясига қарши ҳаракатларини популистик деб атагани ҳақида ёзган эди. Воқеадан сўнг Антимонополия қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси бош вазир иштирокидаги йиғилишда популизм ҳақида айтилган гаплар нотўғри талқин этилаётганини маълум қилганди.