UzAuto Motors иши бўйича суд қарори устидан киритилган аппеляция шикояти оддий расмиятчилик эмас, балки аниқ ҳисоб-китоблар асосида берилган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари Бекзод Умматов 7 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

«Биз суд қарорини ҳурмат қиламиз, бироқ ҳисоб-китобларимизга нисбатан шубҳамиз йўқ, ўз фикримизда қоламиз», — қўмита раиси ўринбосари Бекзод Умматов.

Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиснинг биринчи ўринбосари Бобир Каримов UzAuto Motors монополиясига қарши курашишнинг ягона йўли — кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтириш дея таъкидлади. «Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди», — деди у.

«Агар шу нарса ҳал бўлмаса, „UzAuto Motors“ ишини ҳар йили кўриб чиқишимиз, судда ютишимиз ҳам мумкин. Бироқ бу натижа бермайди, бунинг давоси — бозорда рақобатни пайдо қилиш», — дея қўшимча қилди Бобир Каримов.

Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги UzAuto Motors АЖнинг шикоят аризасини қаноатлантирган эди. Кейинчалик 18 ноябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors иши бўйича Тошкент шаҳар маъмурий суди қарори устидан аппеляция шикоятини киритганди.