12 октябрь куни бош вазир Абдулла Арипов ахборот макони, матбуот котибларининг самарадорлиги, уларнинг ахборот билан ишлаш фаолиятидаги муаммо ва камчиликлар ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинган йиғилиш ўтказди.

«Газета.uz» манбасининг маълумотларига кўра, йиғилишда ҳукумат раҳбари Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шариповни танқид қилди ва қўмитанинг UzAuto Motors компаниясига қарши ҳаракатларини популистик деб атади. Қайд этилишича, ишни кўриб чиқишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси хорижий консалтинг компанияси хулосасини олмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳар маъмурий судида UzAuto Motors компаниясининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини бекор қилиш бўйича киритган шикояти кўриб чиқилмоқда.

Олдинроқ Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобил нархларини 3млн сўмдан 19 млн сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган, нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган эди. UzAuto Motors эса бунга «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган эди.

Компания ўшанда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг баёнотларини популистик, ҳаракатларини эса масъулиятсизлик деб атаган, ва ушбу сценарий энг йирик миллий корхоналардан бирини банкротликка олиб келиши мумкинлигини айтган эди.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг танқид қилинишига оид хабарлар тарқалгач, интернет фойдаланувчилари, таниқли блогерлар билан бир қаторда, ўзларини ҳам популист деб аташди.

«Кимдир томонидан ихтиро қилинган монополияларни боқишдан чарчаган бу мамлакатнинг кўплаб ақлли фуқаролари „популистлар“ каби кўринади», — деб ёзди Азиза Умарова.

Агар Монополияга қарши кураш қўмитаси ўғри ва муттаҳам монополистларга қарши шунча қилаётган ишлари ортидан популист деб номланса, мен ҳам популистман", — дея таъкидлади Отабек Бакиров. «Агар ягона сайланган депутат Кушербаев монополист «Узавтомоторс»га қарши жараёнларда популист аталса, мен унинг ёнидаман ва бундан фахрланаман».