12 октябрь куни бош вазир Абдулла Арипов ахборот макони, матбуот котибларининг самарадорлиги, уларнинг ахборот билан ишлаш фаолиятидаги муаммо ва камчиликлар ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинган йиғилиш ўтказди.

«Газета.uz» манбасининг маълумотларига кўра, йиғилишда ҳукумат раҳбари Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шариповни танқид қилди ва қўмитанинг UzAuto Motors компаниясига қарши ҳаракатларини популистик деб атади. Қайд этилишича, ишни кўриб чиқишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси хорижий консалтинг компанияси хулосасини олмаган. Бу ҳақда Kun.uz ҳам ўз манбаларига таяниб маълум қилди.

Шу каби хабарлар ортидан интернет фойдаланувчилари, жумладан таниқли блогерлар ўзларини популистлар деб атаб, тегишли ҳэштеглардан фойдаланишни бошлади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматлари бир кун кейин ОАВдаги хабарлар юзасидан баёнот берди. Вазиятга Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ҳам муносабат бирдирди.

Антимонополия қўмитаси

Антимонополия қўмитаси хабарида қайд этилишича, бош вазир бошчилигида бўлиб ўтган селектор йиғилишида кўтарилган масалалар нотўғри талқин қилинмоқда.

Мазкур селектор йиғилиши Ўзбекистон президентининг «Рақамли Ўзбекистон — 2030″ стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 5 октябрдаги фармони билан белгиланган лойиҳалар ва чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни самарали ташкиллаштириш масалаларига бағишланган.

Мажлис Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятига бағишланмаган ва унда қўмита раиси Нажмиддинхўжа Шариповнинг ҳисоботи ёки «UzAutoMotors» компанияси масаласи бўйича махсус ахбороти тингланмаган.

Йиғилишнинг асосий мавзуларидан бири — давлат органлар томонидан олиб борилаётган ахборот сиёсати, матбуот котибларининг фаолияти самарадорлиги, ОАВ билан ишлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига бағишланган.

«Йиғилишда, бош вазир томонидан ҳозирги кунда юқоридаги йўналишларда давлат органлар томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида фикрлар билдирилиб, кўплаб ижобий ва танқидий мисолларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва „UzAutoMotors“ компанияси ўртасида давом этаётган суд жараёнида шошмасдан қарор қабул қилиш ва имкон даражасида халқаро консультант-мутахассислар билан ҳамкорликда, уларнинг ўрганишлари ҳам инобатга олинган ҳолда иш олиб борилиши таклиф сифатида билдирилди», — дейилади хабарда.

«Шунингдек, давлат органлари раҳбарлари ОАВ билан ўзаро мулоқотда, асосли ва исботланган далилларга таяниб ҳамкорликни йўлга қўйиш кераклиги, акс ҳолда бу ҳаракатлар популистик кўринишга эга бўлиб қолиши эҳтимоли борлиги назарда тутилган», — дея қайд этди қўмита.

Вазирлар Маҳкамаси

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати ходими Бекзод Ҳидоятов «Газета.uz» сўровига телефон орқали йиғилишда ОАВ вакиллари қатнашмаганини маълум қилди.

«Оммавий ахборот воситалари ходимлари кеча бўлган мажлисда иштирок этмаган. Эълон қилишга тайёрланган маълумотларни текшириш учун бош вазир матбуот хизматига мурожаат қилишмаган. Ваҳоланки, журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги тегишли қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган», — деди у.

Бекзод Ҳидоятов йиғилиш юзасидан эълон қилинган постда илгари сурилган даъволар ҳақиқатга айтарли мос келмаслигини таъкидлади.

«Чунки масаланинг моҳиятига бир ёқлама ёндашилган. Эҳтиросга берилиб, миш-мишларга асосланиб хабар тарқатиш эса нопрофессионалликнинг белгисидир. Шунга ўхшаш ҳолат шаҳар ҳокими [Жаҳонгир Ортиқхўжаев] билан ҳам кузатилганди», — деди матбуот хизмати ходими.

У мажлис аслида Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятига бағишланмаганини ҳам қўшиб ўтди.

«Пост ва унинг остида қолдирилган изоҳларни ўқиб, муаллиф (Kun.uz мухбири Алишер Рўзиохунов пости ҳақида гап кетмоқда) ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида турли баҳс-мунозара ва тушунмовчиликларни келтириб чиқаришни. аҳоли орасида ҳукумат раҳбарига нисбатан адоват уйғотишни мақсад қилмаганмикан, деган ўйга бордим», — деди у.

У журналист ва блогерлар бу борада йўл қўйган хатоларидан тегишли хулоса чиқаради, деб ўйлашини таъкидлаб, келгусида қўллайдиган ҳар бир сўзининг юкини чуқур англашига, фикрнинг кучини теран ҳис қилишига ва ҳар бир маълумотни синчковлик билан текшириб кейин эълон қилишига умид билдирди.

«Келгусида яна шунга ўхшаш ҳолат кузатиладиган бўлса, вазиятга ҳуқуқий баҳо беришини сўраб тегишли жойга мурожаат қиламиз», — деди бош вазир матбуот хизмати ходими.

АОКА

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) раҳбари Асаджон Ходжаев ҳам ўзининг Facebook саҳифасида вазиятга изоҳ берди. Йиғилиш иштирокчиси сифатида у маълумотларнинг нотўғри талқин қилинаётганидан ажабланишини билдирди.

«Тадбирда вазирлар, қўмита раислари, давлат бошқаруви идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг халқ билан, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан доимий равишда бевосита очиқ мулоқотда бўлиши замон талаби экани айтилди. Шу билан бирга, ахборот маконида мутасадди раҳбар томонидан айтилган ҳар бир сўз ижтимоий-сиёсий тус олиши, бу жамоатчиликни чалғитувчи бирёқлама фикрлар тарқалишига олиб келиши мумкинлиги таъкидланди», — дея таъкидлади у.

Асаджон Ходжаев йиғилишда Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбарининг Самарқандда коронавирус беморлари сони камайтириб кўрсатилаётгани ҳақидаги баёноти ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг сотиб олинган автомобиллар учун туловларнинг муайян қисмини мижозларга қайтариб бериш борасидаги баёнотини мисол қилиб келтирилганини маълум қилди.

«Бундай ҳисоб-китоблар, холисликни таъминлаш мақсадида, хорижий консультантлар иштирокидаги аудиторлик компаниялари томонидан тасдиқланса яхши бўлар эди. Мазкур ҳар икки вазият ҳам бу каби жиддий ижтимоий аҳамиятга эга масалаларда аниқлик ва таҳлилга асосланиш лозимлигини кўрсатади», — деди АОКА раҳбари.

Агентлик директори бу масалалар йиғилишда раҳбарларнинг оммавий баёнотлар билан чиқишга масъулият билан ёндашиши зарурлигини ифодаловчи ишчи вазиятлари бири бўлганини маълум қилди. Антимонополия қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматлари сингари у ҳам бу бўйича ҳеч қандай алоҳида мажлис, раҳбарларнинг чиқиши ёки сўзга чиқувчиларни танқид қилиш каби ҳолатлар бўлмаганини таъкидлади.

«Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, интернетда жойлаштирилган учинчи шахслар айтган гапларга асосланган тассуротларнинг ОАВда кузатилиши кишида таажжуб уйғотади. Блогер ўз шахсий қарашларини эълон қилгани учун жавобгарлик мавжуд эмас, бироқ ОАВ ижтимоий тармоқлардан олинган турли ахборотларни чоп этишдан олдин уни ҳақиқатга нечоғли тўғри келишини қайта текшириб кўриши шарт», — деди у.

Агентлик раҳбари ОАВни текширилмаган, ишончли бўлмаган ахборотларни тарқатишдан тийилишга ва ўз фаолиятида мамлакатнинг қонунчилигидаги талабларга амал қилишга чақирди.

Қайд этиш жоизки, ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинган масалалар, айниқса аҳолининг кенг қатламлари учун қизиқарли бўлган ахборотларни ушбу йиғилиш иштирокчиларига таянган ҳолда эълон қилиш — жаҳон оммавий ахборот воситалари амалиётидаги одатий амалиёт ҳисобланади.