Ижтимой тармоқларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг овози қайд этилган бир нечта аудио ёзувлар тарқалди. Биринчи ёзувда ҳоким Марҳамат туманида уч нафар аёлни 15 суткага қаматгани ва журналистларга дўқ-пўписа қилгани ҳақида гапириб берган. Иккинчисида тадбиркорларни «шакал»га тенглаштирган. Учинчисида эса шахси очиқланмаган одамларни «сассиқ» деб атаган. Кейинроқ, учинчи аудио 2019 йилнинг июнь ойида тарқалган ёзувнинг бир қисми экани маълум бўлди.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг таъкидлашича, ушбу аудиоларни кетма -кет тарқалиши ортида Шуҳрат Абдураҳмоновга нисбатан ахборий ҳужумлар уюштириш, журналистлар ва фуқароларнинг муносабатларини бошқа тарафга йўналтириш, вилоят ҳокими ҳамда тадбиркорлар ўртасида сунъий тўсиқларни юзага келтириш каби мақсадлар ётибди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари икки йил муқаддам ёзиб олинган аудиоларнинг маълум қисмини ғаразли мақсадда кесиб, «ҳайп» қилиш ниятида қайта тарқатмоқда.

Ҳокимият соҳа мутахассисларини жалб қилиб, тарқалган аудиоёзувларни ўрганди. Натижада, ёзувлар «алоҳида мутахассислар» ёрдамида турли хил аудиолардан кесиб олиб, монтаж қилингани маълум бўлган, дейилади хабарда.

Вилоят маъмурияти бу аудиоёзувлар йиллар давомида бир гуруҳ шахслар томонидан йиғиб борилгани, Шуҳрат Абдураҳмоновнинг имиджига таъсир кўрсатиш ниятида пухта ўйланган режа асосида амалга оширилаётганини таъкидлаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан «шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш учун» дастлабки суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.