Ижтимоий тармоқларда, жумладан, Facebook`да Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли бўлган аудио тарқалди. Унда ҳоким Марҳамат туманига боргани ва уч нафар аёл кишини 15 суткага қаматганини айтган. Бундан ташқари, матбуот анжуманида ҳоким журналистларга дўқ-пўписа қилгани ҳам аудиода акс этган.

Андижон вилояти ҳокимининг айтишича, журналистлар билан матбуот анжумани уюштирилган, 50 та ташкилот вакили ўрнига, ҳоким ўзи савол жавоб қилишини таъкидлаган.

«Мен билан савол-жавоб қилиш деяпман. Мен жавоб бераман, булар ҳаммаси мени топшириғимни бажарган. Нима саволинг бўлса бер, икки ярим соат гапирудим, савол беришолмади биттаси ҳам. Энди дедим, қизиғи чиқмай қолади, дедим. Бир иккита савол бериб қўйилар дедим, сал. «Қичиқ» савол бергиси келди. Сўзимни бошида айтиб қўйдим: «Эшитишиб ол, Тошкентдан келган бўлсанг ҳам, қаердан келган бўлсанг ҳам, мен ишлайдиган ҳокимман», дедим. «Ҳамма нарсамни, соғлиғимни ҳам тикиб қўяяпман», дедим. «Менга қичиқ савол беришмагин», дедим. «Нормальний» савол бер, нормальний гаплашамиз, дедим. «Агар қитиғимга тегсанг, мен қўйвораман», дедим. «Қаттиқроқ гапириб юбораман, эртага ҳаммаёқ сенсация бўлиб кетади. Нормальний, соғ одамга ўхшаб гаплаш мен билан», дедим.

Барибир уларники қўзиб туради-ю, айлантириб келуди бир-иккитаси, тарсиллатиб уриб қўйганимдан кейин ҳеч нарса деёлмасдан уёққа бориб, бошқа фамилия билан бир нарсалар чиқариб ётибди. Э, эркакмисан, ҳезалак, ўзингни номингдан ёз! Ҳасанбой келиб қатнашяпти мени олдимда, уёққа бориб Ҳусанбойнинг номидан чиқаришяпти", — деган вилоят ҳокими.

Шунингдек, аудио давомида яна бир мавзу бўйича ҳам Шуҳрат Абдураҳмоновнинг гаплари эшитилади. Унда ҳоким Марҳамат туманига борганида, «президент вакилига сассиқ гапиргани» учун уч нафар аёл кишини қаматганини таъкидлайди.

«Чарчаб чиқсам, 5−6 та одам қабулда турган экан, қабул қилмайман, дедим. Кейин улар роса шаллақилик қилди ўша ерда. Мана ҳозир шунақа «милый» бўлиб ўтиришибди 15 суткага қаматиб қўйганимдан. Кечагинда Марҳаматда йиғилиш қилиб чиқсам, ташқарида биттаси бақираяпти. Мен йиғилиш қилаяпман. Чиқсам, бешта шаллақи. Иккитаси ногирон, учтаси анақа. Ногиронга тегмадим, учовини тиқиб қўйдим 15 суткага. Ана, марҳаматликлар бўлса айтсин: шунақа жимжит бўлиб қолди Марҳамат ҳам.

Марҳаматга келганда юрагим безилларди. 5−6 та хотин дастидан. Тиқиб қўйдим обориб. Оғзига кеган ҳамма нарсани гапираверадими? Оғзига зеб берувди. Шарт ҳужжат қилдирдим, олиб кириттириб қўйдим. Вилоят ҳокимига, президент вакилига сассиқ гапиргани учун. Давлат бор, Худога шукр", — деган Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

«Мазкур аудиоёзув Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновга тегишли эканлиги, аммо ушбу аудиоёзув бундан икки йил муқаддам ёзиб олинганлиги маълум бўлган. Бундан ташқари аудиоёзувда вилоят ҳокимининг билдирган фикрида барча ОАВ вакилларига эмас, аксинча айрим нохолис ОАВ ходимларига нисбатан айтилганлигини билиш мумкин», — дейилади хабарда.

«Газета.uz» юқорида келтирилган ҳолатлар, жумладан, 15 суткага қаматилган уч нафар аёл тақдири ҳақида Ўзбекистон Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комисссияси раиси номига, журналистларга қилинган дўқ-пўписа юзасидан президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентилигига сўров юборди.