UzAuto Motors талабнинг ортиши сабабли учта автомобиль моделини ишлаб чиқаришни кўпайтирди, дея хабар берди автоконцерн матбуот хизмати.

Компаниянинг «Газета.uz» га берган хабарига кўра, январь-октябрь ойларида UzAuto Motors Damas ишлаб чиқариш ҳажмини 3 фоизга, шунингдек, Spark AT — 20 фоизга ва Nexia AT — 43 фоизга оширди.

Қайд этилишича, шартнома тузилганидан сўнг харидор ўз машинасини 1 кундан 10 кунгача олиши мумкин.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида UzAuto Motors 59252 та (2019 йилнинг шу даврига нисбатан 55,7% кўп) Cobalt, 52689 та Nexia (1%), 39960 — Gentra (36,4%) 39631 — Damas (7,6%), 19980 — Spark (29,9%) ва 6259 — Labo (16,5% га) ишлаб чиқарди. Ушбу моделларнинг барчаси кичик тугунли йиғиш усули (CKD) ёрдамида йиғилади. Malibu ва Tracker автомобиллари кенг кўламли тугун йиғиш усули (SKD) ёрдамида ишлаб чиқарилади, шунинг учун улар статистикага киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда UzAuto Motors компаниясининг соф фойдаси 2,65 трлн сўмдан ошди. Учинчи чоракда компаниянинг соф фойдаси 1,17 трлн сўмдан ошган бўлсада, бу ўтган йилнинг шу даврига мос кўрсаткичларга (2,28 трлн сўм) нисбатан қарийб икки бараварга (94 фоизга) кам. «Газета.uz» автомобиллар ишлаб чиқарувчисидан пасайиш сабабини билиш учун изоҳ сўради.

Маълумот учун, компания 2019 йил 1 октябрдан ҚҚС бўйича имтиёзлардан маҳрум бўлган эди.

21 октябрь куни президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда тўртинчи чоракда автомобиллар ишлаб чиқаришни 62 минг донага етказиш, экспортни 165 миллион долларга етказиш, шунингдек ташқи бозорда бутловчи қисмлар ва эҳтиёт қисмларни сотишни бошлаш зарурлиги таъкидланди. Халқаро экспертлар билан биргаликда мамлакатда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланди.

Жаҳон автомобиль бозоридаги вазият

2019 йил охирида таназзулга учраган автомобиль бозори, 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли янада қийин даврларни бошдан кечирмоқда. Ўтган йили дунёда енгил автомобил савдоси 4,4 фоизга камайиб, 90,3 млн донани ташкил қилди. Бозордаги қулаш 2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирозидан буён энг катта пасайишга айланди, дея хабар берди «АВТОСТАТ» агентлиги LMC Automotive консалтинг компаниясининг маълумотларига асосланиб.

2020 йил бошидан бери пандемия таъсири туфайли автомобиль бозори қисқаришни давом эттирмоқда, аммо сентябрь ойида жаҳон бозорида енгил ва енгил тижорат транспорт воситалари бозори йиллик ҳисобда 0,5 фоизга, яъни 7,6 млнгача ўсиб, октябрда эса 2,3 фоизга ошди. 2020 йилнинг ўн ойи якунларига кўра дунёда автомобиллар савдоси 61,8 млн донани (-17%) ташкил этди.