Ягона корпоратив маълумот порталидаги UzAuto Motors тўғрисидаги маълумотларга кўра, компаниянинг 2019 йилдаги соф даромади 2,65 триллион сўмни (Марказий банкнинг 16-октябрдаги курси бўйича 256,3 миллион доллар) ташкил этди. Бу ҳақда Spot маълумот берди.

Компания молиявий ҳисоботларининг ишончлилиги PwC аудиторлик компаниясининг 23 сентябрдаги ижобий хулосаси билан тасдиқланган. Компаниянинг 2016−2017 йиллар давомида кўрган 4,8 триллион сўмлик зарари ўтган йиллардаги (2009−2019) жамғарилган даромаднинг бир қисми билан қопланди.

2020 йил 1 январь ҳолатига тақсимланмаган фойданинг бир қисми дивидендларга (50,5%), қолган қисми компанияни ривожлантиришга ва лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди.

Бундан ташқари, UzAutoMotors вақтинча бош директори Рустам Ражабовнинг ваколатлари 2021 йил 31 мартгача узайтирилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг UzAuto Motors га автомобиллар нархини пасайтириш ва мижозларни қайта ҳисоблашни буюрганидан сўнг, компания қўмита устидан судга шикоят қилди. Автомобиль ишлаб чиқарувчиси бунга жавобан ҳозирги вазиятда нархларни пасайтириш «мумкин эмас» деб айтди. Компания, шунингдек, бир неча ўн минглаб одамлар орасида деярли триллион сўмни тарқатишга мажбур бўлганлигини ва бу охир-оқибат корхонанинг банкрот бўлишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.