Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникаси одатдаги иш режимига қайтди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Коронавирус Ўзбекистонда илк бор рўйхатга олинган 15 март кунидан бошлаб тиббиёт муассасаси COVID-19 беморларини даволаш учун қайта жиҳозланган эди. Касаллик даражаси пасайганлиги сабабли, ноябрь ойининг бошидан бошлаб клиника асосий иш фаолиятига қайтди.

200 ўринли шифохона сурункали гепатит, жигар циррози ва бошқа юқумли касалликларга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, касалхонада кунига 250 та қабул қилиш имкониятига эга бўлган поликлиника ҳам мавжуд.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти клиникаси ҳам одатий иш ҳолатига қайтганини, коронавирусдан ташқари бошқа юқумли касалликларга чалинган беморларга ҳам тиббий ёрдам кўрсатилаётганини таъкидлади.

Вазирлик матбуот хизматининг «Газета.uz»га тушунтиришича, ҳозирда «Ўзэкспомарказ»даги саралаш ва тақсимлаш маркази ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохоналари COVID-19 билан касалланган беморларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишларини давом эттирмоқда. Июль ойи ўрталарида 16 та клиникада коронавирус инфекциясига чалинган беморлар даволанаётгани, шу жумладан, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази клиникалари, Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти, Вирусология илмий-тадқиқот институти, Эпидемиология илмий-тадқиқот институти ва бошқа тиббий марказларда ёрдам кўрсатилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Июль ойи бошида Вирусология илмий-тадқиқот институти директори ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Эркин Мусабоев «Газета.uz»га берган интервьюсида касалхоналарни қайта жиҳозлаш билвосита қурбонларнинг кўпайишига олиб келишини айтган эди.

«Биласизки, тўртинчи ой давомида бизнинг клиникамиз карантинга ёпилган. Бир йилда жигар циррози билан оғриган 3000 нафар беморни қабул қилсак, демак ҳозиргача бизнинг ихтисослашган бўлимимиз бутун республика бўйлаб деярли 1000 нафар беморни қабул қила олмади. Ўртача 1000 нафар бемор шу пайт давомида даволана олмади. Мен тахмин қилишимча, шу вақт ичида 200 га яқин бемор COVID-19дан эмас, балки цирроздан вафот этди», — деди мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бўйича ўлим ҳолатлари сони сўнгги тўрт йилга нисбатан Ўзбекистонда 26,4%га, Тошкентда деярли 166%га, Тошкент вилоятида 43,8%га, Навоий вилоятида 51,7%га ўсди.