Давлат статистика қўмитасининг «Газета.uz»га тақдим этган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2020 йилнинг июль ойида қайд этилган ўлимлар сони ушбу ой бўйича сўнгги 4 йилги (2016−2019) ўртача кўрсаткичга қараганда 3630 тага ёки 26,4%га ўсган.

Ўзбекистонда ўлим даражаси

«Газета.uz» Давлат статистика қўмитасидан сўнгги беш йилнинг (2016−2020 йиллар) январдан июль ойларигача бўлган даври мобайнида ўлим даражаси бўйича маълумотларни сўради ва коронавирус пандемияси даврида турли сабабли ўлим ҳолатларининг сони қандай ўзгарганлигини таҳлил қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига биноан, 7 сентябрь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 356 нафар коронавирус беморларининг ўлими қайд этилган. Июнь ойида 11 нафар бемор, июлда 114, августда 173, сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида 30 нафар коронавирус бемори вафот этган. Лекин Давлат статистика қўмитаси август ва сентябрь ойлари учун ўлим ҳолатлари бўйича маълумотларни эълон қилмаган, шунинг учун июнь-июль ойлари бўйича статистика инобатга олинади.


«Газета.uz» таҳлили шуни кўрсатдики, 2020 йилнинг июль ойида Ўзбекистонда қайд этилган ўлим ҳолатларининг сони ушбу ой бўйича сўнгги 4 йилги ўртача кўрсаткичга қараганда 3630 тага ёки 26,4 фоизга ўсган, июнь ойида эса 1771 ҳолатга ёки 14,7%га.

Аҳоли сонининг ошишига қарамасдан, сўнгги тўрт йил давомида июнь ойида ўлим ҳолатлари сони камайиб бораётган эди (2016 йил — 12809 ўлим, 2017 йил — 12598, 2018 йил — 11610, 2019 — 11045), лекин 2020 йилда июнь ойида 13787 та ўлим ҳолати қайд этилди — ўтган йилга нисбатан 2742 ҳолатга ёки 24,8%га кўпроқ.

Июль ойида эса, ўлим ҳолатлари сони ўртача 7%га ошар эди (2016 йил — 12118 ўлим, 2017 — 13844, 2018 — 14219, 2019 — 14777), лекин бу йил — ўлим ҳолатлари 17,5%га ўсди ёки 17369 тага етди.

Ўлим ҳолатлари ошишининг сабаблари

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими айнан июль ойида катта қийинчиликларга дуч келди. Ўша ойнинг бошида Вирусология илмий-тадқиқот институти директори ва бош инфекционист Эркин Мусабаев «Газета.uz»га берган интервьюсида соғлиқни сақлаш тизими дарз кетганлигини, ҳамда касалхоналар коронавирус беморларини даволашга ихтисослаштирилгани учун билвосита қурбонлар (тиббий ёрдам ололмаган оддий беморлар) сонининг ўсиб бораётганлигини таъкидлаган эди.

Бир ҳафта ўтгандан сўнг коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов қайта ихтисослаштирилган касалхоналарда койка-ўринлар қолмаганлиги ва кунига 1000 та коронавирус ҳолати аниқлана бошласа соғлиқни сақлаш тизими бутунлай қулаши мумкинлиги ҳақида айтган эди.

Бундан ташқари, Ҳабибулла Оқилов Ўзбекистонда коронавирусга ПЗР таҳлилларини ўтказиш бўйича талабни қондиришда муаммолар борлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, COVID-19 билан касалланишнинг реал кўрсаткичлари расмий статистикадан юқори бўлиши мумкин.

«Кунига 20−22 мингта таҳлил ўтказишимизга қарамасдан, биз талабни қондира олмаяпмиз. Авваллари тест натижаси 5−6 соатда чиққан бўлса, навбатларнинг ошиб кетганлиги боис, ПЗР таҳлили жавоби 2−3 кундан бир ҳафтагача чиқмоқда. Бу вақт орасида натижани кутаётган бемор аҳоли орасида юради», — деган эди у.

1 июлдан бошлаб ҳукумат карантин чораларини қайтарди, кейин эса босқичма-босқич кучайтира бошлади, ички авиа ва темир йўл қатновлари ҳам тўхтатилди. Президент бу чораларни белгилаш зарурлигини айтган эди.

«Кўплаб масалалар сабабли биз чекловларни жорий қилишимиз зарур. Агар зарарланганлар сони шу даражада ўсиб борса, вилоятлардаги ва марказдаги касалхоналаримиз бунчалик кўп касалларни қабул қилишга тайёр эмас. Лекин бир нарсани билинглар: бизда барча захиралар мавжуд», — дея таъкидлаган эди давлат раҳбари.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан «пастга тушиб» мукаммал шуғулланмагани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинди. Пойтахт ва Тошкент вилоятидаги барча сектор раҳбарлари қаттиқ огоҳлантириш олишди.

Тез ёрдам хизматларига мурожаатлар сони ошганлиги ва мамлакатнинг барча ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида жойлар етишмовчилиги боис, коронавирус беморларини тақсимлаш марказларини очиш, тез ёрдам хизматлари учун қўшимча автомобиллар сотиб олиш, call-марказларда ходимлар сонини ошириш, қатор касалхоналарни коронавирусга ихтисослаштириш, мобиль бригадалар тузиш, дори-дармон захираларини яратиш ва коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва беморларга ёрдам бериш бўйича бошқа чоралар кўрилди. Беморларни даволашга ҳарбийлар ҳам жалб этилди.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Тошкент шаҳридаги тез ёрдам хизматига ҳар куни 500 га яқин пневмония бўйича шикоятлар келиб тушаётганлигини маълум қилган эди. Ўзбекистон ҳозиргача Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари каби пневмония ҳолатларининг статистикасини олиб бормаяпти.

Август ойи ўртасида мамлакатда ҳолат яхшиланди ва карантин босқичма-босқич юмшатилди.

Июль ойида кунига 2дан 6гача ўлим ҳолатлари қайд этилди.

Тошкент шаҳрида ўлим даражаси



17 июлга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги коронавирус ҳолатлари бўйича статистикани биргаликда берарди. 1 июль ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида умумий 14 та ўлим ҳолатлари қайд этилган эди, ой охирига келиб эса 99 та (пойтахтда 88, вилоятда 11 та).

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, июль ойида пойтахтда турли хил сабабли ўлимлар сони сўнгги тўрт йил июль ойига нисбатан 2506 та ҳолатга ёки 165,8%га ўсган. 2016−2019 йилларда ўлим ҳолатлари даражаси ўртача 1511 тани ташкил этган бўлса, 2020 йил июль ойида бу кўрсаткич 4017 тага тенг бўлди.

Июнь ойидаги ўлим ҳолатлари 2016дан 2018 йилгача камайган (1421, 1301 ва 1154), 2019 йилда эса кичик ўсиш кузатилган 1,6% (1173га), бу йил эса ўлим ҳолатлари 10%га ўсган, лекин сўнгги тўрт йил бўйича ўртача кўрсаткичга таққосланса, ўсиш аҳамиятли эмас (2,2%).

Тошкент вилоятида ўлим даражаси


31 июль ҳолатига кўра, Тошкент вилоятида 11 нафар коронавирус бемори вафот этган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотлари таҳлили шуни кўрсатадики, 2020 йилнинг июль ойида Тошкент вилоятида турли хил сабабли ўлимлар сони сўнгги тўрт йил июль ойига нисбатан 633 ҳолатга ёки 43,8 фоизга ўсган. 2016−2019 йилларнинг июль ойида ўлим сонлари ўртача 1443га етган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 2076 тага етди.

Июнь ойида ўтган йилларнинг ўртача кўрсаткичига нисбатан 118 та ёки 9%га кўпроқ ўлим қайд этилган.

Бухоро вилоятидаги ўлим даражаси


Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1 июлдан 31 июлгача Бухоро вилоятида 5 нафар коронавирус бемори вафот этган.

2020 йилнинг июль ойида турли хил сабабли ўлимлар сони сўнгги тўрт йил июль ойига нисбатан 346 ҳолатга ёки 46,8 фоизга ўсган. 2016−2019 йилларнинг июль ойида ўлим сонлари ўртача 738га етган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 1084 тага етди.

Июнь ойида ўлим ҳолатларининг сони ҳам 198 кишига ёки 32%га ўсди.

Навоий вилоятида ўлим даражаси


Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1 июлдан 31 июлгача Навоий вилоятида 3 нафар коронавирус бемори вафот этган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилнинг июль ойида турли хил сабабли ўлимлар сони сўнгги тўрт йил июль ойига нисбатан 214 ҳолатга ёки 51,7 фоизга ўсган.

Июнь ойида ўлим даражаси ҳолати ҳам 65 тага ёки 19,7%га ўсган.

Самарқанд вилоятида ўлим даражаси


Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1 июлдан 31 июлгача Самарқанд вилоятида 1 нафар коронавирус бемори вафот этган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, вилоятда 2020 йилнинг июль ойида турли хил сабабли ўлимлар сони сўнгги тўрт йил июль ойига нисбатан 298 ҳолатга ёки 22,7 фоизга ўсган.

Июнь ойида ўлим ҳолатлари 220 тага ёки 17%га ўсган.

Андижон вилоятида ўлим даражаси


Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1 июлдан 31 июлгача Андижон вилоятида 1 нафар коронавирус бемори вафот этган, (июнь ойида — 0).

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, вилоятда 2020 йилнинг июль ойида турли хил сабабли ўлимлар сони сўнгги тўрт йил июль ойига нисбатан 108 ҳолатга ёки 8,5 фоизга камайган.

Июнь ойида эса ўлим ҳолатлари сони 205 тага ёки 17,8%га ўсган.

Қолган ҳудудларда ўлим даражаси



Олдинроқ «Газета.uz» бошқа нашрлар сингари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинаётган рақамлар вафот этган барча коронавирус беморларини қайд этмаганлиги ҳақида ёзган эди.

Мисол учун, статистик маълумотларда Чилонзор санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг бактериологик лабаратория раҳбари Мархабо Ахмедованинг, Ўзбекистон бош прокурорининг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистоннинг собиқ прокурори Хакимбой Халимовнинг, Қорақалпоғистон давлат мусиқа театри директори Жанабой Утепбергенов ва бошқаларнинг исмлари йўқлиги ҳақида айтилган эди. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган ўлим ташхиси ўлим ҳақидаги гувоҳномада қайд этилган ташхисдан фарқ қилиши ҳақидаги камида битта ҳолат маълум.

Бундан ташқари, махсус комиссиянинг июнь ойидаги қарори билан Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ушбу ҳудудларда карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиниши бўйича шахсан жавобгар эканликлари, COVID-19 тарқалишига йўл қўйган раҳбарларга нисбатан чоралар кўрилиши, ҳаттоки ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирилган эди.

Август ойининг охирида эса президент ҳокимлар ва раҳбарларни коронавирусга боғлиқ реал рақамларни яшириш жиноий жавобгарликкача олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

«Газета.uz» Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу статисикага изоҳ бериш учун мурожаат йўллади.