Маданият вазирлиги ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи бузилиб, ўрнига турар-жой мажмуаси қурилиши ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳозирда боғ ҳудудида енгил конструкцияли иншоотларни бузиш (демонтаж) ишлари олиб борилмоқда.

«Ишлаб чиқилган янги лойиҳага кўра, боғ ҳудудида турар-жой иншоотлари қурилмайди. Шунингдек, объект ҳудудидаги техник жиҳатдан эскирган атракцион ҳамда ўйин қурилмаларини олиб чиқиш бўйича барча тадбиркорлар огоҳлантирилган ва ушбу талабга улар томонидан эътироз билдирилмаган. Таъкидлаб ўтамизки, олиб борилаётган реконструкция жараёнида боғ ҳудудидаги сув ҳавзаси, дарахтлар ва бошқа ўсимликларга зиён етмаган, улар доимий равишда парвариш қилинмоқда», — дея аниқлик киритди вазирлик матбуот хизмати.

Бундан аввал, Тошкент ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда пойтахт аҳолисининг «Ғафур Ғулом» истироҳат боғи ўрнида янги бинолар ёки бизнес-марказ пайдо бўлиши ҳақидаги гап-сўзларига изоҳ берилган эди.

2019 йил сентябрь ойида ҳокимият объектни инвесторга топшириш билан боғлиқ вазиятни изоҳлаб, Ғафур Ғулом боғи реконструкция қилинганидан кейин «жамоат учун» бўлиб қолишини, тадбиркорлар фаолиятини давом эттиришини ва «битта дарахтга тегилмаслигини» айтган.