26 октябрь куни соат 17:00 ларда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида жойлашган «Эски ер» сув омборидан одам жасадлари топилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқаган эди. Ушбу хабарни Бош прокуратура матбуот хизмати тасдиқлади.

Янгиқўрғон тумани, Навкент маҳалласида яшовчи аёл Н.Ғ. (1984 й.т., судланмаган, уй бекаси) шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғининг оиласига тегишли бўлган, 2,0 гектар тутзор учун ажратилган ер майдонининг 50 сотихини Х.Саримсақовга бериб юборганлигидан норози бўлади.

У бу ҳақида хат ёзиб қолдириб, жонига қасд қилиш мақсадида вояга етмаган фарзандлари М.Тожимирзаев ва Б.Тожимирзаевалар билан тумандаги «Янгиқўрғон эски ер» сув омборига келиб, омборнинг бошланиш қисмига вояга етмаган фарзандларини кетма-кетликда сувга ташлаб, уларни чўкиб ўлганлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг, ўзини ҳам сувга ташлаб, жонига қасд қилган.

Ҳалок бўлган болалар 3 ва 1 ёш 8 ойлик эканлиги ҳақида Бош прокуратура матбуот котиби «Газета.uz» га аниқлик киритди.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.