Аввалроқ, бош вазир Абдулла Арипов Сирдарёга, Сардоба офатидан жабр кўрган аҳолини уй билан таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида боргани ҳақида ёзган эдик.

Ташриф чоғида бош вазир ҳукумат вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан қуриб битказилган уйларни яна бир бор кўздан кечирди.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Шу ернинг ўзида Абдулла Арипов аҳолига барча қулайликларни яратиш кераклиги, болалар боғчаси, мактаб ва тиббиёт бирлашмаларини тезроқ қуриб битказиш ёки таъмирдан чиқариш бўйича топшириқлар берди.

Аҳолини янги қурилган кўп квартирали уйларга жойлаштиришда асосий эътибор адолатли ва шаффоф бўлишига қаратилмоқда. Бунда аҳоли, маҳаллий ва вилоят кенгашлари депутатлари билан келишган ҳолда ногиронлиги бўлган фуқароларни биринчи ва иккинчи қаватга жойлаштириш масаласи кўриб чиқилиши айтилди. Шунга кўра, имконияти чекланганларга ажратилган хонадонлардан ташқари, қолган квартиралар рақамлари қутига жойлаштирилади ва аҳолининг ўзи танлаб олади.

«Уйларни тақсимлашда адолатсизлик бўлмаслиги учун қутига рақамлар солинади ва фуқаролар ўзлари танлаб олишади. Бу видеога олинади, «ведомост»га қўл қўяди. Яъни шу танлаган уйи ўзиники эканини тасдиқлаш мақсадида. Биз ҳаммасини ўтказиб бўлгач, фуқароларни ўзлари имзолаган «ведомость» орқали жойлаштиришни амалга оширамиз», — деди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов.

«Яшил» ва «қизил» йиғма жилдлар, қуръа ташлаш учун уй рақамлари. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳужжатларини тайёрлаш вақтида фуқароларнинг ҳужжати тўлиқлигига қараб, «яшил» ҳамда ҳужжатида камчилиги борлар «қизил» йиғма жилдга киритилган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«1500 га яқин фуқароларимизда уй-жойларни расмийлаштиришда камчилиги бўлмаганлиги учун уларни „яшил“ йиғма жилдга киритдик. Камчилиги борларини „қизил“ йиғма жилдга киритдик, бу камчиликлар бартараф қилингач, қуръа ташлаш йўли билан ҳар битта фуқарога уйлар тақсимоти қилинади. Шунда адолатли бўлади. Бундан ташқари, Дўстлик туманидаги икки қаватли уйларда сувдан талофат кўрган вақтда бир хонали ва икки хонали уйда яшайдиган фуқаролар мавжуд эди. Агар уларга худди шундай қуръа ташлаш йўлини қиладиган бўлсак, бу уч хонали уйга ўтиб кетиши мумкин. Адолат бузилади унда. Шунинг учун, 170 дан ортиқ бир ва икки хонали уйда яшаган фуқароларимиз учун алоҳида ўтказамиз. Бошқа қатегорияларда қуръа ташланади. Сабаби худди шу тадбирни амалга оширмасак, фуқароларимизда норозилик келиб чиқиши мумкин. „Нима учун бир хонали уйда яшагану, ҳозирда уч хонали уй олди“, деган савол албатта, туғилади. Албатта, бунинг ҳар биттаси маҳаллий кенгаш депутатлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади», — дея таъкидлади Раҳмат Маматов.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, талофатдан кейин аҳоли ўртасида юзага келган муаммолар фақатгина уй ажратиш билан ҳал бўлиб қолмайди. Аҳоли нафақат уйини, балки асосий даромад манбаи ҳисобланган қишлоқ ҳўжалигидаги хосилидан ҳам ажраб қолган. Шу боис уйга кўчиб ўтган ҳар бир фуқарони доимий иш билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«Мирзаобод туманининг „Ҳақиқат“ маҳалласида талофат кўрган Нуронийлар биносида икки қаватли янги меҳнат гузари ташкил этилди ва у ерда аҳоли 6 хил касбга ўргатилади. Оқолтин туманидаги собиқ касб-ҳунар коллежи биносида ҳам реконструкция якунига етиб қолди, бу ерда 1 декабрдан 13 хил касбга ўргатамиз. Бандликни доимий таъминлаш учун 3 та туманни ўзида йил охирига қадар 6 та кооператив бирлашма шаклида хўжаликлар тузаяпмиз. Бунда бозор билан яхши таниш етакчи тадбиркор олдига 50 дан 100 нафаргача аҳолини ишга жойлаймиз, улар биргаликда фаолият кўрсатади. Бошланишига 5100 нафар шахс иш билан таъминланади», — деди меҳнат вазири Нозим Хусанов.

Шу қаторда, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Сардобадаги ҳолат бўйича қисқа ахборот бериб, илгари мактабларнинг аҳволи оғир бўлганини айтди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«Ҳозирги кунда 17 та мактабда қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилди. Битта янги мактаб ва яна биттасига қўшимча янги бино қуриб берилди. Илгари кўп мактаблар 10 йиллаб ҳам таъмирланмаган эди. Ҳаммаси тўлиқ таъмирланиб, жиҳозланди, улар интернетга уланди. Янги компьютерлар билан таъминланди. Энди асосий эътиборни таълим сифатига қаратамиз», — деди вазир.

Айтилишича, сув тошқинидан 10 та мактабгача таълим ташкилотига зарар етган. Шундан 5 таси тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, қолгани эса 1 ноябргача фойдаланишга тайёр бўлади. Сардоба туманида 10-сонли ва 5-сонли болалар боғчаси 1 ноябргача, «Дўстлик» МФЙда янги қурилаётган 275 ўринли боғча эса 1 декабргача ишга тушиши айтилди. Бундаш ташқари, «Дўстлик» маҳалласидаги текстиль фабрикаси ўзининг ҳисобидан ходимлари учун 120 ўринлик мактабгача таълим муассасасини қураётгани таъкидланди.

Сардоба тумани Дўстлик маҳалласидаги янги уйлар. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».


Мизаобод тумани Янги Ўзбекистон маҳалласи. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».