29 октябрь куни бош вазир Абдулла Арипов Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларидаги янги қурилган кўп квартирали уйларга Сардоба техноген офатидан талофат кўрган аҳолини тезроқ кўчириб ўтказиш масалалари бўйича қилинган ишларни ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятига борди.

«Газета.uz» мухбири маълум қилишича, бош вазир раислигида Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида қурилган янги уйларга аҳолини кўчириш, аҳолини доимий иш билан таъминлаш юзасидан ташкил этилган ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси йиғилиши ўтказилди.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Унда Абдулла Арипов энг муҳим масала аҳолини рози қилиш ва бунинг учун керакли барча чораларни кўриш лозимлигини қайд этди. Шу билан бирга, кўп қаватли уйлардан кимларга квартиралар ажратилишига ҳам тўхталиб ўтилган.

«Ҳақиқий жабр чекиб, уйини ювиб кетган одамларгагина уйларни берамиз. Чунки бу солиқ тўловчиларнинг ажратган маблағи, давлат бюджетидан ажратилган. Бу осмондан тушган пул эмас», — деди бош вазир.

Йиғилишда ишчи гуруҳлар ҳозирга қадар амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот бериб, маҳаллаларни янада ривожлантириш, аҳолини уй ва иш билан таъминлаш, «Хавфсиз маҳалла» тизимини жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди.

ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев.

Жумладан, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев янги қурилган маҳаллада бир нафар профилактика инспектори ишлаётгани, уларнинг сонини «Хавфсиз маҳалла» тизими фаолиятини таъминлаш мақсадида оширишни таклиф қилди. Унга кўра, икки нафар патруль-пост хизмати ходими ва икки нафар профилактика инспектори ёрдамчиси ишини ташкил этиш лозим. Бош вазир ушбу масалани вилоят ҳокимлиги билан келишилган ҳолда амалга ошириш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, ҳукумат раҳбари одамлар, маҳалла оқсоқолларининг таклифига биноан шу каби шинам уйларни кредит асосида олиш имконияти ҳам яратилишини қайд этди.

«Газета.uz» мухбирининг аниқлик киритишича, Сардоба техноген фалокатидан жабр чекканларга квартиралар бепул тақдим этилмоқда, бош вазир таъкидлаган ипотека кредити асосидаги уйлар энди бунёд этилади. Қолаверса, Абдулла Арипов маълумотларни нотўғри талқин қилмаслик ёки аниқлик киритмасдан ахборот тарқатмасликка чақирган.

«Президентимиз куни кеча тасдиқлаб бердилар, кейинги йилдан республика бўйича энг камида 400 та худди шу типдаги 5 қаватли уйлардан қурилади. Имконият бўлса бундан ҳам кўпроқ қурамиз, лекин камида 400 та бунёд этилади», — деди Абдулла Арипов.

Ҳисобот давомида уйлар қурилиши тўлиқ якунлангани, газ, сув ва электр тармоқлари улангани, канализация мавжудлиги қайд этилди. Янги уйлар фалокатдан жабр чекканларни кўчириб ўтказишга тайёр экани айтилди.

Ҳукумат раҳбари йиғилиш сўнгида вазирликлар, давлат идора ва ташкилотлари, қолаверса, депутатлардан иборат ишчи гуруҳларга юклатилган вазифаларни амалга ошириш, аҳолини «қуръа ташлаш» йўли билан, адолатли тарзда кўчириб ўтказиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берди.