«Mening fikrim» жамоавий мурожаатлар порталига Ўзбекистонда 16 ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат бериш бўйича таклиф жойлаштирилган эди. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ушбу масала бўйича баёнат билан чиқди.

Бошқарма маълумотларига кўра, 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига 2 йил бўлмаган ҳайдовчилар томонидан 612 та ЙТҲ содир этилган бўлиб, уларнинг оқибатида 191 нафар киши вафот этган, яна 571 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олишган. «Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини ўзлаштирганлиги, тажрибаси, ёши ва маданияти жуда муҳим ўрин тутади», — дея таъкидлайди бошқарма.

Баёнотда келтирилишича, 16 ёшдан ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби жорий қилинган хорижий давлатлар ўрганиб чиқилган. «Швеция, Франция, Австрия, Эстония, Норвегия ва айрим Европа давлатларида ҳам худди бизнинг норматив ҳужжатларда белгиланганидек 16 ёшда унча катта бўлмаган мотоцикллар (мопедлар)ни, 18 ёшда автотранспорт воситасини бошқаришга рухсат этилганлиги тасдиқланган», — дейилади баёнотда.

Шунингдек 16 ёшли болаларда «мақтанчоқлик, олифталик каби ҳислатлар энг авжига чиққан вақт ҳисоблиши ҳамда бу ёшдаги болаларнинг транспорт воситасини ўзбошимчалик билан бошқариши салбий оқибатлар билан якун топганлиги ҳолатлари учраётгани» таъкидлаб ўтилган.

«16 ёшли бола ҳали мактаб ёки касб-ҳунар коллежи ўқувчисидир. Айнан ушбу ёшдаги болалар ўқишини давом эттириши, бошқа ишлар билан чалғимаслиги, жамият учун фойда келтирадиган билимли инсонлар бўлиб улғайишлари зарур», — дейилади ИИВ ЙҲХББ баёнотида.

Шу билан бир қаторда, ЙҲХББ 16 ёшли болаларда ҳали «Мен» деган фикр сўнмаган бўлиши, мақтанишни, «олифталикни» яхши кўриши, бунинг оқибатида эса йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик, менсимаслик ёки қасддан тенгдошларига, дўстларига автомобилини мақтаниш учун йўл ҳаракати қоидаларига қарши ҳаракат қилиши мумкинлиги, бу эса фожияли оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.