2021 йилда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 19 октябрдаги қарори билан ушбу санани нишонлаш бўйича дастур қабул қилинди.

Қарор билан Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилади; Алишер Навоий ордени таъсис этилади; хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатга олиб келиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этиш бўйича илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танлови эълон қилинади.

2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформаси яратилади. 2021 йилда Тошкентда Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ташкил этилади.

2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.

Бундан ташқари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Навоий ворислари» ғазалхонлик танлови, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ўртасида «Навоийни англаш» мавзусида иншолар танловини ўтказилади.

Ҳужжатда «Ўзбеккино» миллий агентлигига 2021 йил давомида Алишер Навоий асарлари асосида бадиий ва мультипликацион фильмлар, шоир ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ янги маълумотлар ва манбалар асосида тўлиқ метражли бадиий-публицистик фильм яратиш топширилди.

Шунингдек, чет элда истиқомат қилаётган ўзбек тили мутахассислари, таржимонларни жалб этган ҳолда Алишер Навоийнинг асарлари чет тилларга таржима қилиниб, нашр этилади ва хорижий мамлакатларда тақдимотлари ўтказилади.