Қозоғистон пойтахти Нурсултонда COVID-19 касаллигининг аҳоли орасида кенг тарқалаётгани сабаб 14 октябрдан бошлаб янги карантин чоралари жорий этилди, дея хабар берди Tengrinews.kz нашри.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат сектори ходимларининг камида 60 фоизи масофадан туриб ишлашга ўтишади. Хусусий ташкилотларга ҳам масофадан ишлашга ўтиш маслаҳат берилган, аммо ҳозирча фақат тавсия сифатида. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, меҳнат жамоалари инфекция тарқалишининг асосий ўчоғига айланган.

Кафе, ресторан, бар ва ошхоналар соат 22:00 дан ошмасдан ёпилиши керак. Овқатланиш муассасаларига 30 ўриндан кўп бўлмаган миқдорда бандликка рухсат берилган.

Нотариуслар, юридик идоралар, бухгалтерларнинг иш вақти иш кунлари ҳам, дам олиш кунлари ҳам соат 18:00 га қадар қилиб белгиланди, озиқ-овқат товарларидан ташқари маҳсулотлар сотиладиган дўконларининг ишларига фақат иш кунлари соат 18:00 гача рухсат берилди. Якшанба кунлари жамоат транспорти ҳам тўхтатилади.