Америкалик Пол Милгром ва Роберт Уилсонлар аукционлар (ким ошди савдоси) назариясини такомиллаштиргани ва аукционнинг янги форматларини ихтиро қилгани учун Алфред Нобель хотирасига бағишланган Швеция давлат банкининг иқтисодиёт учун мукофотига сазовор бўлишди, дея хабар берди РИА Новости.

Аввалроқ, Нобель қўмитаси ҳафта давомида физиология ва тиббиёт, физика, кимё, адабиёт соҳалари, шунингдек Тинчлик бўйича лауреатларни эълон қилган эди.

Нобель ҳафталиги анъанавий равишда иқтисодиёт бўйича мукофотни топшириш билан якунланди. Тақдирлаш маросими онлайн тарзда 10 декабрь куни — Алфред Нобель вафот этган санада бўлиб ўтади. Бу йил ҳар бир соврин 10 млн кронагача (миллион доллар) кўпайтирилди.