Рожер Пенроуз, Рейнхард Генцель ва Андреа Гез бу йил физика бўйича Нобель мукофоти совриндорлари бўлишди. Мукофот олимларга қора туйнукларни тадқиқ қилганлари учун топширилди, дея хабар берди РИА Новости. Гез физика бўйича ушбу мукофот билан тақдирланган тарихдаги тўртинчи аёл бўлди.

Швеция Қироллик Фанлар академиясининг Нобель қўмитаси вакилларининг аниқлик киритишича, британиялик физик ва математик Пенроуз «қора туйнукларнинг пайдо бўлиши умумий нисбийликнинг ишончли белгиси эканлиги» учун, немис астрофизиги Генцель ва америкалик астроном Гез эса — «галактикамиз марказидаги супермассив ихчам объект»ни топгани учун мукофотланди.

Бир кун олдин Стокгольмда физиология ёки тиббиёт соҳасидаги лауреатлар номлари эълон қилинган эди. Чоршанба куни кимё бўйича мукофот билан ким тақдирланиши маълум бўлади. Адабиёт мукофоти ғолиби пайшанба, жума куни Тинчлик мукофоти ва 12 октябрь душанба куни Иқтисодиёт мукофоти лауреатлари эълон қилинади.