Тинчлик бўйича 2020 йилги Нобель мукофоти БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурига (World Food Programme) «очлик билан курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, можаролардан зарар кўрган ҳудудларда яшаш шароитларини яхшилашга қўшган ҳиссаси ҳамда уруш ва можароларда очарчиликни қурол сифатида ишлатмасликнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатидаги ишлари учун» берилди, дея хабар берди РИА Новости.

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури дунёдаги энг йирик гуманитар ташкилот бўлиб, ҳар йили тўрт миллионга яқин кишини озиқ-овқат билан таъминлайди. Ушбу дастур ривожланаётган мамлакатларда очлик ва қашшоқликка қарши кураш воситаси сифатида 1963 йилда ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, Нобель қўмитаси ҳафта давомида физиология ва тиббиёт, физика, кимё, шунингдек, адабиёт соҳалари бўйича лауреатларни эълон қилди. Ҳафта сўнгида, яъни 12 октябрь куни Швеция давлат банки томонидан 1969 йили таъсис этилган иқтисодиёт бўйича Алфред Нобель ёдгорлик мукофоти кимга аталгани эълон қилинади.

Ғолибларни тақдирлаш маросими швед ихтирочиси Алфред Нобель вафот этган санада, яъни 10 декабрь куни бўлиб ўтади. Бу йил ҳар бир Нобель мукофотининг миқдори 10 млн швед кронасига (1,1 млн АҚШ доллари) тенг қилиб қўйилди.