5 октябрь куни Стокгольмда ҳар йили ўтказиладиган Нобель ҳафталиги бошланди. Анъанага кўра биринчи бўлиб физиология ва тиббиёт соҳасидаги совриндорлар эълон қилинади. Ушбу мукофот олимлар Ҳарви Альтер, Майкл Хоутон ва Чарльз Райсга гепатит С вирусини кашф этганликлари учун топширилди, дея хабар берди РИА Новости.

«А ва Б гепатитлари вирусларини кашф этиш олдинга қўйилган муҳим қадам эди, аммо қон билан юқадиган гепатитнинг кўп ҳолатлари тушунарсиз бўлиб қолган эди. Гепатит С вирусининг кашф этилиши сурункали гепатитнинг қолган ҳолатлари сабабини аниқлашга ёрдам берди, шунингдек, қон таҳлиллари, янги дори-дармонларнинг яратилишига олиб келди ва миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди», — дейилади Нобель қўмитасининг пресс-релизида.

Сешанба куни физика, чоршанба куни кимё бўйича нобелчилар номлари эълон қилинади. Пайшанба куни Адабиёт мукофотини ким олгани, жума куни Тинчлик мукофоти ва 12 октябрь куни эса Швеция давлат банки томонидан таъсис этилган иқтисодиёт бўйича Алфред Нобель ёдгорлик мукофоти кимга аталгани маълум бўлади.