Адабиёт соҳаси бўйича 2020 йилги Нобель мукофоти америкалик шоира Луиза Глюкка «таркидунёчилик (аскетизм) жозибаси билан индивидуал мавжудотни универсаллаштира оладиган таниқли поэтик овози учун» берилди, дея хабар берди РИА Новости.

Луиза Глюк 1943 йилда Нью-Йоркда туғилган. Шоира 1968 йилда у «Тўнғич» деб номланувчи илк шеърий тўпламини нашрдан чиқарган. Унинг 1992 йилда нашр этилган «Ёввойи ирис» тўплами эса Пулицер мукофотига сазовор бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Нобель қўмитаси 5 октябрь куни физиология ва тиббиёт, 6 октябрда физика, шунингдек, 7 октябрь куни кимё соҳалари бўйича лауреатларни эълон қилган эди. 9 октябрь куни Тинчлик мукофоти лауреатлари номи маълум бўлади. Ҳафта сўнгида, 12 октябрь куни эса Швеция давлат банки томонидан 1969 йили таъсис этилган иқтисодиёт бўйича Алфред Нобель ёдгорлик мукофоти кимга аталгани эълон қилинади.

Бу йил ҳар бир Нобель мукофотининг миқдори 10 млн швед кронасига (1,1 млн АҚШ доллари) тенг.